TLÖN, UQBAR, ORBIS TERTIUS

bor     TLÖN, UQBAR, ORBIS TERTIUS
                                                         ТЛЁН, УКБАР, ORBIS TERTIUS

(Шарифжон АҲМЕДОВ таржимаси)

I.

Кўзгу ва энциклопедиянинг ўхшашлиги туфайли мен Укбарни кашф қилдим. Рамос-Мехиада, Гаона кўчасидаги уйнинг йўлак адоғида кўзгу ташвишли жимирлар, энциклопедия эса кишини чалғитиш учун The Anglo-American Cyclopedia (Нью-Йорк, 1917) деб номланган бўлиб, 1902 йилги Encyclopedia Britannicaнинг сўзма-сўз, аммо анча кечиккан қайта нашри эди. Бу воқеа беш йил чамаси аввал содир бўлди. Ўша оқшом уйимга Биой Касарес меҳмон бўлиб келган ва биз романни биринчи шахс номидан қандай ёзиш кераклиги ҳақида баҳслашиб, узоқ ўтириб қолдик. Фикримизга кўра, бу каби роман саҳифаларида ровий айрим воқеалар ҳақида атайин сўзламас ва ё уларни бузиб кўрсатиб, турли хил қарама-қарши талқинларга йўл қўярди; ўз навбатида бу ҳол баъзи — жуда озчилик — ўқувчиларнинг бешафқат ва ё бачкана моҳиятни англаб етишларига кўмак берар эди. Йўлак адоғида бизни кўзгу кузатиб турар ва биз кўзгуларда аллақандай мудҳишлик бор эканига эътибор қилдик (ярим тун чоғи бундай кашфиётлар муқаррар). Шунда Биой Касарес Укбар ересиархларидан бирининг сўзларини эслади: «Кўзгу ва қўшилишлар жирканчдир, илло улар одамлар миқдорини кўпайтиради». Мен ушбу кўҳна ҳикмат манбаини сўрадим — бу The Anglo-American Cyclopediaда, Укбар ҳақидаги мақолада босилган, дея жавоб қилди Биой. Бизнинг уйда (жиҳозлари билан ижарага олган уйимизда) шу нашрнинг бир нусхаси бор эди. XXVI жилднинг сўнгги саҳифаларида биз Упсала ҳақидаги мақолани, XXVII жилднинг дастлабки саҳифаларидан «Урал-Олтой тиллари» тўғрисидаги мақолани топдик. Укбар ҳақида эса лом-мим дейилмаган эди. Бироз ҳижолат бўлган Биой кўрсаткич-жилдни қўлига олди. У турли талаффузларни саралаб, беҳуда уринарди: Укбар, Угбар, Оокбар, Оукбар… Кетиш олдидан айтдики, Укбар Ироқ ва ё Олд Осиёдаги аллақайси бир вилоят эди. Тан олишим керак, мен бир қадар ўнғайсизланган кўйимча унинг фикрини маъқуллаган бўлдим. Хаёл қилдимки, ном-нишонсиз бу мамлакат ва исм-шарифи йўқ бу ересиарх Биой йўл-йўлакай ўйлаб топган нарсалар эди ва шулар воситасида аслида унинг ўзига тегишли жумлани асосли қилиб кўрсатмоқчи бўлганди. Юстус Пертес хариталаридан бирига бесамар тикилиш оқибатида бунга ишонч ҳосил қилдим. Continue reading

Қурумсоқ Шубҳалар

soft-watch

“… соатингиз неччи бўлди?
… кечирасиз, соатим йўқ.”

Соат билан ўсимтанинг ва ўсимта билан соатнинг ўртасидаги муносабатлар қай тахлит, уларнинг бир-бирлари билан ўхшаш жойлари -вақтлари – нимада дея ўйлаб-ўйлаб, шу саволларга жавоб топа олмай жоним ҳалак юради, жонсарак бўлиб юради. Аслида, ҳақиқатда, ўзи, барибир, ҳарҳолда, ҳарқалай соат билан ўсимтанинг ўртасида қандай ўхшашлик — фарқ бор-а?

Дўппини, бор ва йўқ дўппини бир четга қўйиб бамайлихотир ўйлаб кўриш керак, агар, мабодо, борди-ю (борди нима-ю, бормади нима), бирор кор-ҳол бўлиб, бу муаммо дўппини бир четга қўйиб бамайлихотир ўйлаб кўришга, «кўриш керак»ка буткул арзимас биргина пасткаш савол бўлса-чи, агар, мабодо, э-э тфуу-е, шундай пасткаш савол бўлса-чи, аммо барибир ўйлаб кўриш керак. Бунинг учун соат билан ўсимта бир-бирларига қарама-қарши қилиб қўйилиши лозим.

Мана соат, мана ўсимта.
Соат тинмай чиққиллайди.

Соат, албатта, қаршисидаги ўсимтани мулзам қилиш пайида бўлади:

–чиқ-чиқ-чиқ… Continue reading

Борхес Ва Мен

Воқеалар унинг – Борхеснинг чекига тушган.

Мен Буэнос-Айрес бўйлаб кезарканман, йўл-йўлакай, шунчаки йўлаклар пештоқи ва ровотлар нақшларига разм соламан; почта қутисида пайдо бўладиган хатлар ва дорилфунун мударрислар рўйхати ёҳуд таржимаи ҳолларда учрайдиган исмгина Борхеснинг мавжудлигини ёдимга солади. Қумсоатлар, XYIII асрга тааллуқли жўғрофий хариталар, сўзларнинг келиб чиқишига доир узундан-узоқ машғулотлару қаҳва таъми ва, албатта, Стивенсон асарлари менинг жони дилим; у ҳам менинг бу қизиқишларимга мубтало эканлигини билсам-да, аммо бу шерикчилигида ҳамиша такаббурликни кўраман. Бу билан бизни ўзаро душманлик кайфиятида, деб ўйлаш нотўғри бўлур эди – Борхес ўз асарларини ёза олиши учун ва бу ёзмишлари билан менинг мавжудлигимни тасдиқлаши ҳаққи мен ҳамон тирикман. Continue reading

Ўтаётган Боғлар

Julio Cortázar

Аслида бу китобни бир неча кун аввал ўқий бошлаганди. Аммо орада ишлари кўпайиб кетганидан ташлаб қўйган ва мана энди юмушларини битириб, бир маромда чайқалиб бораётган поездда чорбоғига қайтар экан, уни яна қўлига олди. Асар қахрамонларининг қиёфалари ва воқеалар ривожи уни тобора ўзига тортиб борарди.  Чорбоғда адвокатига мактубни ёзиб тамомлагач, иш бошқарувчиси билан ижара жиҳатларини фикрлашгунича кеч кирди. Бугуннинг мажбуриятлари адоғига етганидан мамнун тарзда ойналари эманзор боққа қараган хос бўлмасида яна ўша китобга тутинди.  Уни баайни ўзига чорлаётган ва шу қадар кўникилган оромкурсига қулайроқ ўрнашар экан, ўриндиқнинг зангор барқутини алланечук меҳр билан силади. Эшикка терс қўйилган курсининг бу ҳолати исталган меҳмон хаёлида унинг ташрифи аслида бемаврид экани ҳақидаги ноқулай фикрлар уйғотишини ўйлаб, мийиғида кулиб қўйди. Сўнгги боб саҳифалари ортда қолар экан, қахрамонлар феъл-атвори ва исмларини осонгина эслаб қоларди, зум ўтмай воқеаларнинг маккор гирдобида оқа бошлади. Continue reading

Гулзор Чеккасидаги Қуёш

Олим Отахон

Октябрнинг ўрталарида уч ойдан буён даволанаётган Муайядга шифохонада ўтказилган кенгаш хулосасига кўра, жавоб беришга қарор қилинди.

Ўша куниёқ тушдан кейин Муайядни олиб кетгани укаси, онаси ҳамда хотини Зарифа келди. Учовининг, айниқса, иккала аёлнинг йиғидан қизарган кўзлари ўтинчли савол назари билан боқарди. Уларни касалхонада ҳеч ким юпатмади, кўнглини ҳам кўтармади, керакли қоғозларни тайёрлаб бўлгач, Муайяднинг касали туфайли унинг оила аъзоларига ўз қадрдонларидек бўлиб қолган бош врач кампирдан ҳол-аҳвол сўради, сўнг Зарифага эҳтиёт шарт йўриқларини тушунтирди. Гарчи, шу уч ой мобайнида нима гаплиги аён эса-да, ҳаммалари бирдан жавоб беришганини тушунолмай юракларини ҳовучлаб турарди.

– Муайяд насиб қилса кўрмагандек бўлиб кетади ҳали, хола, – деди бош врач.

Аммо бу илиқ ва самимий тасалли ҳам қоронғи уйнинг эшигини очиб, ичкарида нима борлигини тушунтиришга ўхшагандек гап эди.

Улар биринчи қаватнинг нариги  қанотига қараб ошиқдилар. Муайяд ётган хонанинг эшиги очиқ эди. У тўрда, дераза ёнидаги каравотда соқоллари ўсган кўйи шифтдан кўз узмай ётарди. Улар хонага кирганларида секин бошини буриб қарашга одатланган Муайяд жим ётаверди. Кампир рўмолининг учини кўзларига босди, Зарифа эрига яқинлашди, Муайяд уни кўрди, кулимсиради ва ҳамма гапни бирдан тушунгандек ётган еридан бош қимирлатди. Continue reading

Тўртинчи Қаватдаги Сарғиш Дераза

Олим Отахон   

У сарсон изларди ўзини-ўзи. А. Рембо                                                                                          

Ҳаётда ҳеч нарса ўзидан ўзи содир бўлмайди: беамр тикан кирмайди, деганлари бежиз эмас – рўй берган ҳар қандай ҳодисанинг  сабаби мавжуд- бироқ кеч кузнинг замҳарир кунларидан бирида тасодифан учраб, хаёлингни алғов-далғов қилиб юборган нарсанинг сабабини сен ҳеч қачон топа олмайсан: қолаверса, бунга ҳатто қизиқиб ҳам кўрмайсан…

Ҳолбуки, ҳаммасига арзимаган нарса – осмонни тўлдириб ўтаётган йўловчи қушларнинг ғамгин товушлари сабаб бўлган эди.

Эсингдами, ўша куни кеч қайтдинг: қорайган осмон, рутубатли ҳаво… Чакмонинг ёқасини кўтариб, негадир болалигингда юз берган бир воқеани эслашга  уринган кўйи ёмғир ёғиб ўтган йўлкадан юриб келардинг. Кўнглинг бир оз ғаш эди, эҳтимол, юрагингга ҳеч нарса сиғмасди.

“Нима қилиш керак? – дея ўз-ўзингдан норози бўлардинг ва секин-аста аллақандай умидсизлик юрагингга чўкиб бораётганини сезардинг. – Худди ҳаётимда бир нима юз берадигандек доим ниманидир кутиб юраман… Нима қилиш керак?”

Сен кўримсизгина бино томон юриб ва худди шундай кўримсиз йўлакдан ўтиб чапга буриласан. Йўл ўртасида калта-култа шохларини узатишга чоғланган кўйи қотиб қолган дарахт ёнидан ўтаётиб хўрсинасан. Continue reading

Бегона Манзилгоҳлардан Наволар

                                               

                                (Радиолавҳа ўрнида)

Кўз илғамас уфқларга томон чўзилган бу ҳайбатли ўрмоннинг жажжи фуқаролари – қушлар уйғониб, ҳар галги жўровоз қўшиқларини бошлаб юборган субҳи содиқ маҳали. Бу ерларнинг – шимол ўлкасининг телба шамолида чайқалиб, шовуллаши атрофни тутаётган дарахтлар ўз шохларига яширинган сайроқилар билан баайни баҳс бойлашаётган каби япроқларидан чапаклар ясайди. Балки бу – қушларнинг куй бобидаги маҳоратларига бир эътироф каби олқишлардир, эҳтимол. Турфа ўлчамдаги чуғурлашлару эътирофлар давом қилар экан, бу орада дафъатан, атрофда бир сокин садолар, бу ўрмон ўрмон бўлибдики, ҳали бу ерларда тингланмаган нотаниш садолар тарала бошлайди. Баайни йўқлик бағридан пайдо бўлиб, оҳанглар кетидан оҳангларни етаклаб, бир маржон каби тизилиб келаётган куй, сағал ўтмай, бутун ўрмонни ўз забтига олади. Айни нотаниш, аслида бу ўлкаларга бегона куйга сомеъ бўлган қушлар аллақачон тинган, аллақандай бир таёқ бағридан таралаётган нолалардан ҳайратга тушган каби дарахтлар ҳам аста-аста, бу гал эса сассиз чайқалади.

Найдан таралаётган мунгли наволар ҳов узоқларда, кунчиқар тарафларда адашиб ётган бир кўҳна ўлканинг ғуссага лиммо-лим тарихидан, қайғуга чўмган бугунидан ҳазин ҳикоялар сўзлайди. Ана, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган ҳадсиз биёбонда гармсел измига тушган гужумлар қумтепаликлар оша аллақаёққа ошиқади. Ана, қумбўронлар ичра қолиб, йўлидан адашган карвон ҳам уззу-кун саросар. Неча асрларки, турфа хил истибдодлар исканжасида қолган бутун бир эл шу тариқа омонлик манзилини тополмай сарсон. Куй пардалари юқори поғоналар сари кўтарилиб бораркан, қайғу оҳанглари бирлашиб, ягона бир туйғуни, айни шу куйни ярата олган халқнинг асрлар оша ўзига йўлдош қадимий туйғусини чор тарафга достон қилишда давом этади. Continue reading

Делия Элена Сан-Марко

Хорхе Луис Борхес

Plaza Once

Plaza Once

Биз Онсе майдонидаги чорраҳада видолашдик.

Изингдан қараб қоларканман, сен ортингга қайрилиб, менга қўл силтадинг.

Иккимиз аро одамлар ва машиналар дарёси шошарди; оддий оқшомларнинг бири эди, бас, шундай экан, бу дарё ишғол этиб бўлмас ғамбода Ахерон эканини қайдан билибман.

Биз қайтиб кўришмадик, бир йилдан сўнг сен қазо қилдинг.

Орадан йиллар ўтиб, мен ўша ҳолатни хаёлимда қайта тикларканман, у бизни алдагани ва одатий хайрлашув ортида адоқсиз айрилиқ яширинганига аминман. Continue reading

Астерий Гўшаси

Хорхе Луис Борхес

Мария Москера Истменга

Биламан, мени такаббурликда ва балки одамлардан нафратланишда ва ё телбаликда айблайдилар. Бу айбловлар (улар билан фурсат етгач ҳисоблашаман) жирканчдир. Чиндан ҳам мен уйдан чиқмайман, аммо бу уйнинг эшиклари (уларнинг миқдори эса адоқсиз) одамлар ва жонзотлар учун уззу-кун очиқлиги ҳам ҳақиқат. Ким истаса, остона хатлайверсин. Бу ерда на бир эркаловчи дабдаба ва на саройларнинг серҳашам савлатидан нишона бор, аммо бунда сукунат ва танҳолик муқаррар. Ҳамда гўша бор ер юзида тенги йўқ. (Мисрда бунга эш уй бор, дегувчилар қаллобдир.) Бу уйда бир жиҳоз йўқлигини ҳатто менинг мунаққидларим ҳам эътироф қилишлари лозим. Яна бир бемаънилик – гўёки мен, Астерий, маҳбус эмишман. Бу ерда бирор танбаланган эшик ёки қулф йўқлигини такрорлаш шартми?

Бундан ташқари, қош қорая бошлаган бир маҳал мен кўчага чиқдим: ҳолбуки, тун чўккунга қадар қайтиб келган эканман, бунинг боиси шу – авом халқнинг чеҳраларидан, авом халқнинг кафт сингари бетус ва зерикарли чеҳраларидан қўрқиб кетгандим. Қуёш ботиб улгурган, аммо чақалоқнинг бетиним йиғиси-ю оломоннинг илтижоли фарёди мени таниб қолганларидан далолат эди. Одамлар калима келтиришар, нари қочишар ва тиз чўкардилар. Уларнинг бирлари Иккиёқлама шамшир ибодатхонаси пойига томон судралишар, бошқаларининг эса қўлларида тош кўринар эди. Кимдир биров ўзини денгизга отди. Онамнинг малика ўтгани бежиз эмас, соддалигим туфайли буни истаганимда ҳам мен бу ялангоёқлар билан қўшилиб кета олмайман. Continue reading