Тўртинчи Қаватдаги Сарғиш Дераза October 2, 2011
Posted by Nodir Shams in Олим Отахон Адабиёти.add a comment
Олим Отахон
Ҳаётда ҳеч нарса ўзидан ўзи содир бўлмайди: беамр тикан кирмайди, деганлари бежиз эмас – рўй берган ҳар қандай ҳодисанинг сабаби мавжуд- бироқ кеч кузнинг замҳарир кунларидан бирида тасодифан учраб, хаёлингни алғов-далғов қилиб юборган нарсанинг сабабини сен ҳеч қачон топа олмайсан: қолаверса, бунга ҳатто қизиқиб ҳам кўрмайсан…
Ҳолбуки, ҳаммасига арзимаган нарса – осмонни тўлдириб ўтаётган йўловчи қушларнинг ғамгин товушлари сабаб бўлган эди.
Эсингдами, ўша куни кеч қайтдинг: қорайган осмон, рутубатли ҳаво… Чакмонинг ёқасини кўтариб, негадир болалигингда юз берган бир воқеани эслашга уринган кўйи ёмғир ёғиб ўтган йўлкадан юриб келардинг. Кўнглинг бир оз ғаш эди, эҳтимол, юрагингга ҳеч нарса сиғмасди. (more…)
Бегона Манзилгоҳлардан Наволар September 8, 2011
Posted by Nodir Shams in Андижоннома.add a comment
(Радиолавҳа ўрнида)
Кўз илғамас уфқларга томон чўзилган бу ҳайбатли ўрмоннинг жажжи фуқаролари – қушлар уйғониб, ҳар галги жўровоз қўшиқларини бошлаб юборган субҳи содиқ маҳали. Бу ерларнинг – шимол ўлкасининг телба шамолида чайқалиб, шовуллаши атрофни тутаётган дарахтлар ўз шохларига яширинган сайроқилар билан баайни баҳс бойлашаётган каби япроқларидан чапаклар ясайди. Балки бу – қушларнинг куй бобидаги маҳоратларига бир эътироф каби олқишлардир, эҳтимол. Турфа ўлчамдаги чуғурлашлару эътирофлар давом қилар экан, бу орада дафъатан, атрофда бир сокин садолар, бу ўрмон ўрмон бўлибдики, ҳали бу ерларда тингланмаган нотаниш садолар тарала бошлайди. Баайни йўқлик бағридан пайдо бўлиб, оҳанглар кетидан оҳангларни етаклаб, бир маржон каби тизилиб келаётган куй, сағал ўтмай, бутун ўрмонни ўз забтига олади. Айни нотаниш, аслида бу ўлкаларга бегона куйга сомеъ бўлган қушлар аллақачон тинган, аллақандай бир таёқ бағридан таралаётган нолалардан ҳайратга тушган каби дарахтлар ҳам аста-аста, бу гал эса сассиз чайқалади. (more…)
Делия Элена Сан-Марко June 13, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Хорхе Луис Борхес
Биз Онсе майдонидаги чорраҳада видолашдик.
Изингдан қараб қоларканман, сен ортингга қайрилиб, менга қўл силтадинг.
Иккимиз аро одамлар ва машиналар дарёси шошарди; оддий оқшомларнинг бири эди, бас, шундай экан, бу дарё ишғол этиб бўлмас ғамбода Ахерон эканини қайдан билибман.
Биз қайтиб кўришмадик, бир йилдан сўнг сен қазо қилдинг.
Орадан йиллар ўтиб, мен ўша ҳолатни хаёлимда қайта тикларканман, у бизни алдагани ва одатий хайрлашув ортида адоқсиз айрилиқ яширинганига аминман. (more…)
Андижоннома ёҳуд Саргардон May 19, 2011
Posted by Nodir Shams in Андижоннома.add a comment
Аввал бошда фақатгина қўрқув, бутун аъзойи баданини исканжага олган, вужуд нима бўлибди, бутун шуурини, ҳар бир фикр учқунини забт этган чексиз бир қўрқув бор эди. Тинимсиз қуяётган жала, осмон қасирғалари-ю ён-атрофида ўзи каби жон қайғусида чопиб бораётганларнинг ҳайқириқларидан бино бўлган талвасага солувчи бу ҳайвоний ҳис, аслида, ўзи ин қурган вужудни ҳаракатсиз михлаб ташлаши лозим эди, аммо бунга қарама-қарши ўлароқ, айни даҳшат туйғуси унга ғайритабиий тарзда қувват берар ва тинимсиз олдинга, ҳар қандай қадр-қиммат тушунчаларини ер билан яксон қилган бу макондан олисларга қочишга ундарди.
У шу дамга қадар ўзига нотаниш бўлган (лоақал у шундай деб ўзини ишонтирган) бу шармандали ҳиснинг ҳукмига бўйсунаркан, айни пайтда қўрқув халос йўли ҳам эканига иймон келтирди, илло фақат ўзига ортиқ даражада бино қўйганларгина муҳаққақ ажал қаршисига беҳадик пешвоз чиқадилар, аммо бундайларни у бугун учратмади, демак, ўзи билан бирга аллақайси манзилга муттасил ошиқаётганлар барчаси ҳали эс-ҳушларини еб қўйганлари йўқ, демак, у бошқалар манзарасида ҳали шармисор ҳолатда эмас, демак, қўрқув–халос. ANDIJONNOMA_yohud_SARGARDON
Астерий Гўшаси April 23, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Мария Москера Истменга
Биламан, мени такаббурликда ва балки одамлардан нафратланишда ва ё телбаликда айблайдилар. Бу айбловлар (улар билан фурсат етгач ҳисоблашаман) жирканчдир. Чиндан ҳам мен уйдан чиқмайман, аммо бу уйнинг эшиклари (уларнинг миқдори эса адоқсиз) одамлар ва жонзотлар учун уззу-кун очиқлиги ҳам ҳақиқат. Ким истаса, остона хатлайверсин. Бу ерда на бир эркаловчи дабдаба ва на саройларнинг серҳашам савлатидан нишона бор, аммо бунда сукунат ва танҳолик муқаррар. Ҳамда гўша бор ер юзида тенги йўқ. (Мисрда бунга эш уй бор, дегувчилар қаллобдир.) Бу уйда бир жиҳоз йўқлигини ҳатто менинг мунаққидларим ҳам эътироф қилишлари лозим. Яна бир бемаънилик – гўёки мен, Астерий, маҳбус эмишман. Бу ерда бирор танбаланган эшик ёки қулф йўқлигини такрорлаш шартми?
Бундан ташқари, қош қорая бошлаган бир маҳал мен кўчага чиқдим: ҳолбуки, тун чўккунга қадар қайтиб келган эканман, бунинг боиси шу – авом халқнинг чеҳраларидан, авом халқнинг кафт сингари бетус ва зерикарли чеҳраларидан қўрқиб кетгандим. Қуёш ботиб улгурган, аммо чақалоқнинг бетиним йиғиси-ю оломоннинг илтижоли фарёди мени таниб қолганларидан далолат эди. Одамлар калима келтиришар, нари қочишар ва тиз чўкардилар. Уларнинг бирлари Иккиёқлама шамшир ибодатхонаси пойига томон судралишар, бошқаларининг эса қўлларида тош кўринар эди. Кимдир биров ўзини денгизга отди. Онамнинг малика ўтгани бежиз эмас, соддалигим туфайли буни истаганимда ҳам мен бу ялангоёқлар билан қўшилиб кета олмайман. (more…)
Педро Сальвадорес April 20, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Хорхе Луис Борхес
Мен тарихимизнинг энг ғалати ва энг қайғули манзараларидан бирини (чамаси биринчилар қатори) ҳикоя қилиб бермоқчиман. Буни имкон қадар ҳикояга аралашмасдан, чиройли тўлдиришлар ва хатарли тахминларсиз амалга ошириш маъқул, деб ўйлайман.
Иштирок этувчилар уч киши: эркак, аёл ва ҳар жойда ҳозиру нозир мустабид кўланкаси. Эркак кишининг исми Педро Сальвадорес эди; менинг бобом Асеведо уни Касерос ёнидаги жангдан сўнг бир неча кун ва ёки ҳафта ўтгач кўрган. Ҳақиқат шуки, Педро Сальвадорес ҳамма қатори бир одам бўлган, фақат тақдир ва йилларгина унга бетакрорлик ҳадя этди.
У ўша замоннинг ўртаҳол заминдорларидан эди: сақланиб қолган маълумотларга кўра, унинг чорбоғи бўлиб, ўзи унитарийларга ҳайрихоҳ эди. Хотини Планеслар хонадонидан бўлиб, улар Суипачанинг Темпле кўчаси билан кесишган жойида истиқомат килишар, ҳикоя қилинаётган воқеалар содир бўлган уй оддийгина эди: оддий дарвоза, йўлак, панжарали эшик ва мўъжаз ички ҳовлилар. (more…)
Мурдалар Машварати April 17, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Бу одам 1877 йил қиш тонгларидан бирида Жанубий Англиядан ташриф буюрди. Қизил юзли, бақувват гавдаси келишган бу одамни кўплар чиндан ҳам Жон Булнинг ватандоши деб ўйлади. Унинг бошини баланд тоқли шляпа безаган, эгнига эса ғалати ёпинчиқ ташланган эди. Уни бир тўда эркак, аёл ва ёш болалар сабрсизлик билан кутишаётган, кутувдагилар баъзиларининг бўйнида қонталаш чандиқ кўринар, бошқа бирлари эса бошсиз бўлиб, улар чайқалган кўйи эҳтиёткорлик билан қадам ташлар эди.
Тўдадагилар бегонани ўраб олишди, кимдир бўралаб сўкди, аммо қўрқув исканжасидаги оломон бундан ортиғига журъат қилмади.
Шу дам юзлари кўкимтир, кўзлари эса чаноқлар қаърида базўр йилтираётган бир одам ҳарбийларга хос қадам билан олдинга чиқди; пахмоқ сочлари-ю анчадан буён парвариш кўрмаган соқоли юзларини еб битиргандек эди. Саноқсиз шамшир излари денгизга қуйилаётган ирмоқлар каби вужудини шудгорлаган бу одам қаршисида бегона кимса бир муддат тараддудда қолди, аммо бу ҳолатини сездирмаслик учунми, дарҳол қўл узатди. (more…)
Dreamtigers October 29, 2010
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Хорхе Луис Борхес
Болалигимда мен йўлбарсларга сажда қилардим – Парана балчиқлари ёҳуд Амазонка ирмоқларига тегишли холдор мушуклар эмас, балки жангчи филга минган қуролли одамгина бас кела олувчи Осиёнинг шоҳона йўлбарслари хаёлларимни забт этганди. Мен соатлаб ҳайвонот боғида қолиб кетардим; табиатшуносликка оид китоб ва энциклопедияларга эса улардаги йўлбарслар сурати кўркамлигига қараб баҳо берардим. (Ўша суратлар ҳамон ёдимда, ҳаётимда учраган аёллар чеҳра ва табассумлари эса унут.)
Болалик ўтди, йўлбарслар ва уларга эҳтирос қариб битган эса-да, улар ҳануз тушларимда муқим. Кексалик тушларимнинг тубсиз ва чигал тўрларига кўпроқ улар илинадилар: мудроқ қўйнига чўмар эканман, у ёки бу тушни эрмак қилаётиб, бирдан туш кўраётганимни англайман. Шундай чоғлар мен иродамга эрк бераман: бу тушларни мен истаган кўйимга сола оламан-ку дея хаёл қиламан, бас, шундай экан, мен ҳозир болалигим йўлбарсларини чорлайман. (more…)
Everything and Nothing October 8, 2010
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Хорхе Луис Борхес
Ўз ҳолича у ҳеч ким эди; (ҳатто ўша даврнинг ножўя суратларидаги бошқа кимсаларга ўхшамас) юзлари ва сон-саноқсиз алмойи-жалмойи сўзлари ортида ҳеч ким кўрмаётган тушгина яширинган эди, холос. Аввал унга бошқалар ҳам шундай бўлиб туйилганди, бироқ мана шу бўшлиқ ҳақида дўстига сўзлаб бермоқчи бўлганида унинг эсанкираб қолгани янглишганига ишонтирди ва бошқалардан асло фарқ қилмаслик зарурлигига амин бўлди. У китоблардан малҳам топишни ўйларди. Бунинг учун – замондоши гувоҳлик беришича – лотин тилини бир озгина, юнонийни эса яна ҳам озроқ ўрганди; кейинроқ инсоний турмушнинг энг оддий удумини бажаргач мақсадга эришаман, қабилидаги тўхтамга келди ва адоқсиз июнь кечаларининг бирида Анна Хэтуэйнинг қучоқларига ўзини бахшида этди.
Йигирма нечадир ёшида у Лондонга келди. Энди у ихтиёрсиз равишда ўзини бошқа бировлар қиёфасига солиш машқини олди; Лондонда – оломон қаршисида турли қиёфалар намойиш этувчи актёрга айланди-қолди. Бу машаққатли меҳнат унга беқиёс, балки ҳаётидаги илк қувончни ҳадя этди; аммо якунловчи сатрлар янграр, саҳнадан сўнгги жасад олиб чиқилар – ва уни воқеъсиз дунёнинг ёқимсиз тафсилотлари яна қайта бағрига оларди. (more…)
Ўз Лабиринтида Ҳалок Бўлган Ибн Ҳоқон Ал-Бухорий September 26, 2010
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
…Улар ин қураётган
ўргимчак кабидирлар.
Қуръон XXIX, 40
- Мана шу ерда менинг аждодларим яшаб ўтганлар,-деди Данревен ва булутлар қўйнидаги юлдузларни ҳам забтига олган ишора билан кимсасиз текисликни, денгиз ва сувоқлари кўчган улуғвор иморатни қўрғонлаб чиқди.
Дўсти Анвин, мундштукни қўлида ўйнаганча, унинг фикрини тасдиқлаган каби ишора қилди. 1914 йил ёз оқшомларининг бири эди; осуда ҳаётдан безиган бу икки оғайни Корнуэлл атрофидаги мана шу жойлар сукунатидан ором олишарди. Тимқора соқолли Данревен унинг замондошлари кўламини аниқлашга ожизлик қилган ва ҳикоя қилиб бериш мушкул улуғвор асар муаллифи сифатида шуҳрат қозонган. Анвин эса Ферма ўз вақтида исботлай олмаган Диофант теоремасини тадқиқ этганди. Ҳар иккиси ҳам навқирон, қизиққон ва жўшқин ёшда эдилар.
- Нилотлар қабиласининг сардори ва ёҳуд шоҳи Ибн Ҳоқон Ал-Бухорий,- деди Данревен,-мана шу уйнинг асосий бўлмасида ўз жияни Саид томонидан ўлдирилганидан буён қарийб чорак аср вақт ўтди.
Кутилганидек, Анвин ушбу фожеа сабабини сўради.
- Бунинг сабаблари бир қанча,- жавоб қилди Данревен.- Биринчидан, бу уй – лабиринт. Иккинчидан, шоҳни садоқатли қул ва арслон қўриқлагувчи эди. Учинчидан, яшириб қўйилган хазина ўғирлаб кетилган. Тўртинчидан, айни қотиллик содир этилган вақтда қотилнинг ўзи жонсиз эди. Бешинчидан… (more…)









