jump to navigation

TLÖN, UQBAR, ORBIS TERTIUS September 19, 2014

Posted by Nodir Shams in Олим Отахон Адабиёти.
add a comment

bor     TLÖN, UQBAR, ORBIS TERTIUS
                                                         ТЛЁН, УКБАР, ORBIS TERTIUS

(Шарифжон АҲМЕДОВ таржимаси)

I.

Кўзгу ва энциклопедиянинг ўхшашлиги туфайли мен Укбарни кашф қилдим. Рамос-Мехиада, Гаона кўчасидаги уйнинг йўлак адоғида кўзгу ташвишли жимирлар, энциклопедия эса кишини чалғитиш учун The Anglo-American Cyclopedia (Нью-Йорк, 1917) деб номланган бўлиб, 1902 йилги Encyclopedia Britannicaнинг сўзма-сўз, аммо анча кечиккан қайта нашри эди. Бу воқеа беш йил чамаси аввал содир бўлди. Ўша оқшом уйимга Биой Касарес меҳмон бўлиб келган ва биз романни биринчи шахс номидан қандай ёзиш кераклиги ҳақида баҳслашиб, узоқ ўтириб қолдик. Фикримизга кўра, бу каби роман саҳифаларида ровий айрим воқеалар ҳақида атайин сўзламас ва ё уларни бузиб кўрсатиб, турли хил қарама-қарши талқинларга йўл қўярди; ўз навбатида бу ҳол баъзи — жуда озчилик — ўқувчиларнинг бешафқат ва ё бачкана моҳиятни англаб етишларига кўмак берар эди. Йўлак адоғида бизни кўзгу кузатиб турар ва биз кўзгуларда аллақандай мудҳишлик бор эканига эътибор қилдик (ярим тун чоғи бундай кашфиётлар муқаррар). Шунда Биой Касарес Укбар ересиархларидан бирининг сўзларини эслади: «Кўзгу ва қўшилишлар жирканчдир, илло улар одамлар миқдорини кўпайтиради». Мен ушбу кўҳна ҳикмат манбаини сўрадим — бу The Anglo-American Cyclopediaда, Укбар ҳақидаги мақолада босилган, дея жавоб қилди Биой. Бизнинг уйда (жиҳозлари билан ижарага олган уйимизда) шу нашрнинг бир нусхаси бор эди. XXVI жилднинг сўнгги саҳифаларида биз Упсала ҳақидаги мақолани, XXVII жилднинг дастлабки саҳифаларидан «Урал-Олтой тиллари» тўғрисидаги мақолани топдик. Укбар ҳақида эса лом-мим дейилмаган эди. Бироз ҳижолат бўлган Биой кўрсаткич-жилдни қўлига олди. У турли талаффузларни саралаб, беҳуда уринарди: Укбар, Угбар, Оокбар, Оукбар… Кетиш олдидан айтдики, Укбар Ироқ ва ё Олд Осиёдаги аллақайси бир вилоят эди. Тан олишим керак, мен бир қадар ўнғайсизланган кўйимча унинг фикрини маъқуллаган бўлдим. Хаёл қилдимки, ном-нишонсиз бу мамлакат ва исм-шарифи йўқ бу ересиарх Биой йўл-йўлакай ўйлаб топган нарсалар эди ва шулар воситасида аслида унинг ўзига тегишли жумлани асосли қилиб кўрсатмоқчи бўлганди. Юстус Пертес хариталаридан бирига бесамар тикилиш оқибатида бунга ишонч ҳосил қилдим. (more…)

Advertisements

Гулзор Чеккасидаги Қуёш January 31, 2012

Posted by Nodir Shams in Олим Отахон Адабиёти.
add a comment

Олим Отахон

Октябрнинг ўрталарида уч ойдан буён даволанаётган Муайядга шифохонада ўтказилган кенгаш хулосасига кўра, жавоб беришга қарор қилинди.

Ўша куниёқ тушдан кейин Муайядни олиб кетгани укаси, онаси ҳамда хотини Зарифа келди. Учовининг, айниқса, иккала аёлнинг йиғидан қизарган кўзлари ўтинчли савол назари билан боқарди. Уларни касалхонада ҳеч ким юпатмади, кўнглини ҳам кўтармади, керакли қоғозларни тайёрлаб бўлгач, Муайяднинг касали туфайли унинг оила аъзоларига ўз қадрдонларидек бўлиб қолган бош врач кампирдан ҳол-аҳвол сўради, сўнг Зарифага эҳтиёт шарт йўриқларини тушунтирди. Гарчи, шу уч ой мобайнида нима гаплиги аён эса-да, ҳаммалари бирдан жавоб беришганини тушунолмай юракларини ҳовучлаб турарди.

– Муайяд насиб қилса кўрмагандек бўлиб кетади ҳали, хола, – деди бош врач.

Аммо бу илиқ ва самимий тасалли ҳам қоронғи уйнинг эшигини очиб, ичкарида нима борлигини тушунтиришга ўхшагандек гап эди.

Улар биринчи қаватнинг нариги  қанотига қараб ошиқдилар. Муайяд ётган хонанинг эшиги очиқ эди. У тўрда, дераза ёнидаги каравотда соқоллари ўсган кўйи шифтдан кўз узмай ётарди. Улар хонага кирганларида секин бошини буриб қарашга одатланган Муайяд жим ётаверди. Кампир рўмолининг учини кўзларига босди, Зарифа эрига яқинлашди, Муайяд уни кўрди, кулимсиради ва ҳамма гапни бирдан тушунгандек ётган еридан бош қимирлатди. (more…)

Тўртинчи Қаватдаги Сарғиш Дераза October 2, 2011

Posted by Nodir Shams in Олим Отахон Адабиёти.
add a comment

Олим Отахон   

У сарсон изларди ўзини-ўзи. А. Рембо                                                                                          

Ҳаётда ҳеч нарса ўзидан ўзи содир бўлмайди: беамр тикан кирмайди, деганлари бежиз эмас – рўй берган ҳар қандай ҳодисанинг  сабаби мавжуд- бироқ кеч кузнинг замҳарир кунларидан бирида тасодифан учраб, хаёлингни алғов-далғов қилиб юборган нарсанинг сабабини сен ҳеч қачон топа олмайсан: қолаверса, бунга ҳатто қизиқиб ҳам кўрмайсан…

Ҳолбуки, ҳаммасига арзимаган нарса – осмонни тўлдириб ўтаётган йўловчи қушларнинг ғамгин товушлари сабаб бўлган эди.

Эсингдами, ўша куни кеч қайтдинг: қорайган осмон, рутубатли ҳаво… Чакмонинг ёқасини кўтариб, негадир болалигингда юз берган бир воқеани эслашга  уринган кўйи ёмғир ёғиб ўтган йўлкадан юриб келардинг. Кўнглинг бир оз ғаш эди, эҳтимол, юрагингга ҳеч нарса сиғмасди.

“Нима қилиш керак? – дея ўз-ўзингдан норози бўлардинг ва секин-аста аллақандай умидсизлик юрагингга чўкиб бораётганини сезардинг. – Худди ҳаётимда бир нима юз берадигандек доим ниманидир кутиб юраман… Нима қилиш керак?”

Сен кўримсизгина бино томон юриб ва худди шундай кўримсиз йўлакдан ўтиб чапга буриласан. Йўл ўртасида калта-култа шохларини узатишга чоғланган кўйи қотиб қолган дарахт ёнидан ўтаётиб хўрсинасан. (more…)