jump to navigation

Борхес Ва Мен March 12, 2012

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Воқеалар унинг – Борхеснинг чекига тушган.

Мен Буэнос-Айрес бўйлаб кезарканман, йўл-йўлакай, шунчаки йўлаклар пештоқи ва ровотлар нақшларига разм соламан; почта қутисида пайдо бўладиган хатлар ва дорилфунун мударрислар рўйхати ёҳуд таржимаи ҳолларда учрайдиган исмгина Борхеснинг мавжудлигини ёдимга солади. Қумсоатлар, XYIII асрга тааллуқли жўғрофий хариталар, сўзларнинг келиб чиқишига доир узундан-узоқ машғулотлару қаҳва таъми ва, албатта, Стивенсон асарлари менинг жони дилим; у ҳам менинг бу қизиқишларимга мубтало эканлигини билсам-да, аммо бу шерикчилигида ҳамиша такаббурликни кўраман. Бу билан бизни ўзаро душманлик кайфиятида, деб ўйлаш нотўғри бўлур эди – Борхес ўз асарларини ёза олиши учун ва бу ёзмишлари билан менинг мавжудлигимни тасдиқлаши ҳаққи мен ҳамон тирикман. (more…)

Advertisements

Делия Элена Сан-Марко June 13, 2011

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Хорхе Луис Борхес

Plaza Once

Plaza Once

Биз Онсе майдонидаги чорраҳада видолашдик.

Изингдан қараб қоларканман, сен ортингга қайрилиб, менга қўл силтадинг.

Иккимиз аро одамлар ва машиналар дарёси шошарди; оддий оқшомларнинг бири эди, бас, шундай экан, бу дарё ишғол этиб бўлмас ғамбода Ахерон эканини қайдан билибман.

Биз қайтиб кўришмадик, бир йилдан сўнг сен қазо қилдинг.

Орадан йиллар ўтиб, мен ўша ҳолатни хаёлимда қайта тикларканман, у бизни алдагани ва одатий хайрлашув ортида адоқсиз айрилиқ яширинганига аминман. (more…)

Астерий Гўшаси April 23, 2011

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Хорхе Луис Борхес

Мария Москера Истменга

Биламан, мени такаббурликда ва балки одамлардан нафратланишда ва ё телбаликда айблайдилар. Бу айбловлар (улар билан фурсат етгач ҳисоблашаман) жирканчдир. Чиндан ҳам мен уйдан чиқмайман, аммо бу уйнинг эшиклари (уларнинг миқдори эса адоқсиз) одамлар ва жонзотлар учун уззу-кун очиқлиги ҳам ҳақиқат. Ким истаса, остона хатлайверсин. Бу ерда на бир эркаловчи дабдаба ва на саройларнинг серҳашам савлатидан нишона бор, аммо бунда сукунат ва танҳолик муқаррар. Ҳамда гўша бор ер юзида тенги йўқ. (Мисрда бунга эш уй бор, дегувчилар қаллобдир.) Бу уйда бир жиҳоз йўқлигини ҳатто менинг мунаққидларим ҳам эътироф қилишлари лозим. Яна бир бемаънилик – гўёки мен, Астерий, маҳбус эмишман. Бу ерда бирор танбаланган эшик ёки қулф йўқлигини такрорлаш шартми?

Бундан ташқари, қош қорая бошлаган бир маҳал мен кўчага чиқдим: ҳолбуки, тун чўккунга қадар қайтиб келган эканман, бунинг боиси шу – авом халқнинг чеҳраларидан, авом халқнинг кафт сингари бетус ва зерикарли чеҳраларидан қўрқиб кетгандим. Қуёш ботиб улгурган, аммо чақалоқнинг бетиним йиғиси-ю оломоннинг илтижоли фарёди мени таниб қолганларидан далолат эди. Одамлар калима келтиришар, нари қочишар ва тиз чўкардилар. Уларнинг бирлари Иккиёқлама шамшир ибодатхонаси пойига томон судралишар, бошқаларининг эса қўлларида тош кўринар эди. Кимдир биров ўзини денгизга отди. Онамнинг малика ўтгани бежиз эмас, соддалигим туфайли буни истаганимда ҳам мен бу ялангоёқлар билан қўшилиб кета олмайман. (more…)

Педро Сальвадорес April 20, 2011

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Хорхе Луис Борхес

Масорка

Масорка

Мен тарихимизнинг энг ғалати ва энг қайғули манзараларидан бирини (чамаси биринчилар қатори) ҳикоя қилиб бермоқчиман. Буни имкон қадар ҳикояга аралашмасдан, чиройли тўлдиришлар ва хатарли тахминларсиз амалга ошириш маъқул, деб ўйлайман.

Иштирок этувчилар уч киши: эркак, аёл ва ҳар жойда ҳозиру нозир мустабид кўланкаси. Эркак кишининг исми Педро Сальвадорес эди; менинг бобом Асеведо уни Касерос ёнидаги жангдан сўнг бир неча кун ва ёки ҳафта ўтгач кўрган. Ҳақиқат шуки, Педро Сальвадорес ҳамма қатори бир одам бўлган, фақат тақдир ва йилларгина унга бетакрорлик ҳадя этди.

У ўша замоннинг ўртаҳол заминдорларидан эди: сақланиб қолган маълумотларга кўра, унинг чорбоғи бўлиб, ўзи унитарийларга ҳайрихоҳ эди. Хотини Планеслар хонадонидан бўлиб, улар Суипачанинг Темпле кўчаси билан кесишган жойида истиқомат килишар, ҳикоя қилинаётган воқеалар содир бўлган уй оддийгина эди: оддий дарвоза, йўлак, панжарали эшик ва мўъжаз ички ҳовлилар. (more…)

Мурдалар Машварати April 17, 2011

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Хорхе Луис Борхес

Бу одам 1877 йил қиш тонгларидан бирида Жанубий Англиядан ташриф буюрди. Қизил юзли, бақувват гавдаси келишган бу одамни кўплар чиндан ҳам Жон Булнинг ватандоши деб ўйлади. Унинг бошини баланд тоқли шляпа безаган, эгнига эса ғалати ёпинчиқ ташланган эди. Уни бир тўда эркак, аёл ва ёш болалар сабрсизлик билан кутишаётган, кутувдагилар баъзиларининг бўйнида қонталаш чандиқ кўринар, бошқа бирлари эса бошсиз бўлиб, улар чайқалган кўйи эҳтиёткорлик билан қадам ташлар эди.

Тўдадагилар бегонани ўраб олишди, кимдир бўралаб сўкди, аммо қўрқув исканжасидаги оломон бундан ортиғига журъат қилмади.

Шу дам юзлари кўкимтир, кўзлари эса чаноқлар қаърида базўр йилтираётган бир одам ҳарбийларга хос қадам билан олдинга чиқди; пахмоқ сочлари-ю анчадан буён парвариш кўрмаган соқоли юзларини еб битиргандек эди. Саноқсиз шамшир излари денгизга қуйилаётган ирмоқлар каби вужудини шудгорлаган бу одам қаршисида бегона кимса бир муддат тараддудда қолди, аммо бу ҳолатини сездирмаслик учунми, дарҳол қўл узатди. (more…)

Dreamtigers October 29, 2010

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Хорхе Луис Борхес

Болалигимда мен йўлбарсларга сажда қилардим – Парана балчиқлари ёҳуд Амазонка ирмоқларига тегишли холдор мушуклар эмас, балки жангчи филга минган қуролли одамгина бас кела олувчи Осиёнинг шоҳона йўлбарслари хаёлларимни забт этганди. Мен соатлаб ҳайвонот боғида қолиб кетардим; табиатшуносликка оид китоб ва энциклопедияларга эса улардаги йўлбарслар сурати кўркамлигига қараб баҳо берардим. (Ўша суратлар ҳамон ёдимда, ҳаётимда учраган аёллар чеҳра ва табассумлари эса унут.)

Болалик ўтди, йўлбарслар ва уларга эҳтирос қариб битган эса-да, улар ҳануз тушларимда муқим. Кексалик тушларимнинг тубсиз ва чигал тўрларига кўпроқ улар илинадилар: мудроқ қўйнига чўмар эканман, у ёки бу тушни эрмак қилаётиб, бирдан туш кўраётганимни англайман. Шундай чоғлар мен иродамга эрк бераман: бу тушларни мен истаган кўйимга сола оламан-ку дея хаёл қиламан, бас, шундай экан, мен ҳозир болалигим йўлбарсларини чорлайман. (more…)

Everything and Nothing October 8, 2010

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Хорхе Луис Борхес

Ўз ҳолича у ҳеч ким эди; (ҳатто ўша даврнинг ножўя суратларидаги бошқа кимсаларга ўхшамас) юзлари ва сон-саноқсиз алмойи-жалмойи сўзлари ортида ҳеч ким кўрмаётган тушгина яширинган эди, холос. Аввал унга бошқалар ҳам шундай бўлиб туйилганди, бироқ мана шу бўшлиқ ҳақида дўстига сўзлаб бермоқчи бўлганида унинг эсанкираб қолгани янглишганига ишонтирди ва бошқалардан асло фарқ қилмаслик зарурлигига амин бўлди. У китоблардан малҳам топишни ўйларди. Бунинг учун – замондоши гувоҳлик беришича – лотин тилини бир озгина, юнонийни эса яна ҳам озроқ ўрганди; кейинроқ инсоний турмушнинг энг оддий удумини бажаргач мақсадга эришаман, қабилидаги тўхтамга келди ва адоқсиз июнь кечаларининг бирида Анна Хэтуэйнинг қучоқларига ўзини бахшида этди.

Йигирма нечадир ёшида у Лондонга келди. Энди у ихтиёрсиз равишда ўзини бошқа бировлар қиёфасига солиш машқини олди; Лондонда – оломон қаршисида турли қиёфалар намойиш этувчи актёрга айланди-қолди. Бу машаққатли меҳнат унга беқиёс, балки ҳаётидаги илк қувончни ҳадя этди; аммо якунловчи сатрлар янграр, саҳнадан сўнгги жасад олиб чиқилар – ва уни воқеъсиз дунёнинг ёқимсиз тафсилотлари яна қайта бағрига оларди. (more…)

Ўз Лабиринтида Ҳалок Бўлган Ибн Ҳоқон Ал-Бухорий September 26, 2010

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Хорхе Луис Борхес

…Улар ин қураётган

ўргимчак  кабидирлар.

Қуръон XXIX, 40

– Мана шу ерда менинг аждодларим яшаб ўтганлар,-деди Данревен ва булутлар қўйнидаги юлдузларни ҳам забтига олган ишора билан кимсасиз текисликни, денгиз ва сувоқлари кўчган улуғвор иморатни қўрғонлаб чиқди.

Дўсти Анвин, мундштукни қўлида ўйнаганча, унинг фикрини тасдиқлаган каби ишора қилди. 1914 йил ёз оқшомларининг бири эди; осуда ҳаётдан безиган бу икки оғайни Корнуэлл атрофидаги мана шу жойлар сукунатидан ором олишарди. Тимқора соқолли Данревен унинг замондошлари кўламини аниқлашга ожизлик қилган ва ҳикоя қилиб бериш мушкул улуғвор асар муаллифи сифатида шуҳрат қозонган. Анвин эса Ферма ўз вақтида исботлай олмаган Диофант теоремасини тадқиқ этганди. Ҳар иккиси ҳам навқирон, қизиққон ва жўшқин ёшда эдилар.

– Нилотлар қабиласининг сардори ва ёҳуд шоҳи Ибн Ҳоқон Ал-Бухорий,- деди Данревен,-мана шу уйнинг асосий бўлмасида ўз жияни Саид томонидан ўлдирилганидан буён қарийб чорак аср вақт ўтди.

Кутилганидек, Анвин ушбу фожеа сабабини сўради.

– Бунинг сабаблари бир қанча,- жавоб қилди Данревен.- Биринчидан, бу уй – лабиринт. Иккинчидан, шоҳни садоқатли қул ва арслон қўриқлагувчи эди. Учинчидан, яшириб қўйилган хазина ўғирлаб кетилган. Тўртинчидан, айни қотиллик содир этилган вақтда  қотилнинг ўзи жонсиз эди. Бешинчидан… (more…)

Ўлим Ва Буссол September 24, 2010

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Хорхе Луис Борхес

Мандиа Молина Ведиага бағишланади

Лённротнинг ақл ва заковатини такомиллаштирган беҳисоб жумбоқлар орасида “Трист-ле-Руа” чорбоғида хотима топган бир хил тусдаги, ғайриоддий қонли воқеалар ҳали бўлган эмас эди. Эрик Лённрот сўнгги жиноятнинг олдини ола билмагани рост, аммо у шундай воқеа содир бўлишини олдиндан кўра билганлигига шубҳа йўқ. Шунингдек, Ярмолинский қотилини аниқлай олмаган бўлсада, ушбу жиноятларнинг сирли тарздаги даврийлиги ва унда Шарлах Денди лақабли Ред Шарлахнинг қўли борлигини аниқлади. Ред Шарлах (бошқа кўплар қатори) Лённротни ўлдиришга онт ичган, аммо бизнинг изқувар бундай пўписалардан хайиқадиганлар тоифасидан эмас эди. Лённрот ўзини Огюст Дюпен сингари донишманд ҳисобласа-да, таваккалчилик ва жўшқинлик белгилари табиатига бегона эмас эди.

Биринчи жиноят “Отель дю Нор”да – сувларига саҳро ранг қўшган дарё этагида қад кўтарган ўша баланд иморатда содир бўлди. Талмудчиларнинг учинчи анжуманида иштирок этиш учун Подолскдан етиб келган ноиб учинчи декабрь куни мана шу минорага (шифохоналарнинг нохуш оқлиги ва қамоқхоналарнинг тартиб билан рақамланган бир хиллигини ўзида мужассам қилган мана шу минорага) жойлашди. (more…)

Қароқчи Чинг Беваси May 10, 2010

Posted by Nodir Shams in Борхесона.
add a comment

Хорхе Луис Борхес

Чинг беваси

Чинг беваси

“Қароқчи аёл” сўзи баъзи бир бемаъни сарсуэлалар ҳақидаги, қиёфаларидан ходима эканлари яққол сезилиб турган қизлар бўёқ суртилган қалин қоғозлардан тикланган тўлқинлар қўйнида рақсга тушиб, қароқчи аёлларни намойиш қилаётган баъзи бир бемаъни сарсуэлалар ҳақидаги анчагина ноҳуш хотираларни юзага чиқарса эҳтимол. Аммо ҳар қалай қароқчи аёллар, денгиз илмидан сабоқ олган, ваҳший денгизчиларни жиловлай билган, кемаларни таъқиб этиб, уларни талон-тарож қилишга қодир қароқчи аёллар яшаб ўтганлар. Шундайларнинг бири “ҳар ким ҳам қароқчи ҳунарига муносиб эмас ва бу юмушни виждонан ўтай олиш учун худди мен сингари жасур эркак бўлмоқ лозим” дея жар солган Мери Рид исмли аёл эди. Шавкатли йўлининг дастлабки палласида (у ҳали дарға эмасди) унинг суюкли эркакларидан бирини кема муштумзури ҳақорат қилди. Мери уни яккама-якка олишувга чақирди ва икки қўлида қурол билан – Кариб денгизи оролларидаги қадимий урфга кўра – жанг қилди. Унинг чап қўлида бесўнақай ва қайсар тўппонча, ўнг қўлида эса садоқатли шамшир бор эди. Тўппонча отилмай қолди, аммо шамшир панд бермади… 1720 йилда Мери Риднинг анча хатарли фаолиятига Сантьяго-де-ла-Вегадаги (Ямайка) испан сиртмоғи тўғаноқ бўлди. (more…)