jump to navigation

Бегона Манзилгоҳлардан Наволар September 8, 2011

Posted by Nodir Shams in Андижоннома.
add a comment

                                               

                                (Радиолавҳа ўрнида)

Кўз илғамас уфқларга томон чўзилган бу ҳайбатли ўрмоннинг жажжи фуқаролари – қушлар уйғониб, ҳар галги жўровоз қўшиқларини бошлаб юборган субҳи содиқ маҳали. Бу ерларнинг – шимол ўлкасининг телба шамолида чайқалиб, шовуллаши атрофни тутаётган дарахтлар ўз шохларига яширинган сайроқилар билан баайни баҳс бойлашаётган каби япроқларидан чапаклар ясайди. Балки бу – қушларнинг куй бобидаги маҳоратларига бир эътироф каби олқишлардир, эҳтимол. Турфа ўлчамдаги чуғурлашлару эътирофлар давом қилар экан, бу орада дафъатан, атрофда бир сокин садолар, бу ўрмон ўрмон бўлибдики, ҳали бу ерларда тингланмаган нотаниш садолар тарала бошлайди. Баайни йўқлик бағридан пайдо бўлиб, оҳанглар кетидан оҳангларни етаклаб, бир маржон каби тизилиб келаётган куй, сағал ўтмай, бутун ўрмонни ўз забтига олади. Айни нотаниш, аслида бу ўлкаларга бегона куйга сомеъ бўлган қушлар аллақачон тинган, аллақандай бир таёқ бағридан таралаётган нолалардан ҳайратга тушган каби дарахтлар ҳам аста-аста, бу гал эса сассиз чайқалади.

Найдан таралаётган мунгли наволар ҳов узоқларда, кунчиқар тарафларда адашиб ётган бир кўҳна ўлканинг ғуссага лиммо-лим тарихидан, қайғуга чўмган бугунидан ҳазин ҳикоялар сўзлайди. Ана, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган ҳадсиз биёбонда гармсел измига тушган гужумлар қумтепаликлар оша аллақаёққа ошиқади. Ана, қумбўронлар ичра қолиб, йўлидан адашган карвон ҳам уззу-кун саросар. Неча асрларки, турфа хил истибдодлар исканжасида қолган бутун бир эл шу тариқа омонлик манзилини тополмай сарсон. Куй пардалари юқори поғоналар сари кўтарилиб бораркан, қайғу оҳанглари бирлашиб, ягона бир туйғуни, айни шу куйни ярата олган халқнинг асрлар оша ўзига йўлдош қадимий туйғусини чор тарафга достон қилишда давом этади. (more…)

Advertisements