jump to navigation

Қурумсоқ Шубҳалар December 27, 2012

Posted by Nodir Shams in Қаърдан Ривоятлар.
trackback

soft-watch

“… соатингиз неччи бўлди?
… кечирасиз, соатим йўқ.”

Соат билан ўсимтанинг ва ўсимта билан соатнинг ўртасидаги муносабатлар қай тахлит, уларнинг бир-бирлари билан ўхшаш жойлари -вақтлари – нимада дея ўйлаб-ўйлаб, шу саволларга жавоб топа олмай жоним ҳалак юради, жонсарак бўлиб юради. Аслида, ҳақиқатда, ўзи, барибир, ҳарҳолда, ҳарқалай соат билан ўсимтанинг ўртасида қандай ўхшашлик — фарқ бор-а?

Дўппини, бор ва йўқ дўппини бир четга қўйиб бамайлихотир ўйлаб кўриш керак, агар, мабодо, борди-ю (борди нима-ю, бормади нима), бирор кор-ҳол бўлиб, бу муаммо дўппини бир четга қўйиб бамайлихотир ўйлаб кўришга, «кўриш керак»ка буткул арзимас биргина пасткаш савол бўлса-чи, агар, мабодо, э-э тфуу-е, шундай пасткаш савол бўлса-чи, аммо барибир ўйлаб кўриш керак. Бунинг учун соат билан ўсимта бир-бирларига қарама-қарши қилиб қўйилиши лозим.

Мана соат, мана ўсимта.
Соат тинмай чиққиллайди.

Соат, албатта, қаршисидаги ўсимтани мулзам қилиш пайида бўлади:

–чиқ-чиқ-чиқ…

Соат ўсимтани «Ёки мана бундай»дан кейинги
ҳодисалар учун мулзам қилишни хуш кўради:

–чиқ-чиқ-чиқ…

Соат асли вазифасига кўра кун ва туннинг вазиятини вақти соати билан тасдиқдан ўтказиб туради. Аммо, бу вазифанинг устига устак, ашаддий оғмачи эканлиги боис тинмай ўсимтани койийверади:

–чиқ-чиқ-чиқ…

Соат ўсимтанинг олдида ўзини фалакда кўрса-да, унинг энг мўрт асосий хусусияти шу — вазифасига кўра у–мавҳум махлуқ.

Ўсимта унинг олдида ҳар қанча бошини хам қилмасин, у барибир соатдан устивор.

Ўсимта соатнинг чиққиллашини эшитаркан, эшитиб ётаркан, шу донишманд чиққиллаш таъсирида дам сайин мастона тебранади ва мастона юксалиб-ялпайиб (бўйи ва энига ўсиб) бораверади.

Соат чиққиллайверади.
Ўсимта равнақ топади.
Ўсимта равнақ топади.
Соат чиққиллайверади.

Аммо барибир соат ва ўсимта, ўсимта ва соат ўртасида
қандай ўхшашлик (фарқ) бор?

Ошкоралик:

бу ҳикояни ўқиётган кимсанинг кўнглида, кўнглининг бир четида шундай киноя бор—соат билан ўсимтанинг, борингки, ўсимта билан соатнинг ҳам ўртасида ўхшашлик (фарқ) борлигини била туриб, сўзларни ҳар кўйга сола гапни айлантиряпти, ваҳоланки ўхшашлик (фарқ ҳам) бор (бормиди?…).

Бироқ қўлим нон устида турибди:

Бу ҳикояни «Ёки мана бундай»гача етказиб қўйдим ҳамки, икковининг ўртасидаги ўхшашликни (фарқни) тасаввур қила олмаяпман, ҳатто соат билан ўсимтани бир-бирига қарама-қарши қўйиб, уларни тадқиқ қилган кўйи мана шу «кўйи»гача қандай қилиб сўзлаб келдим, сўзлай олдим, сўзлаб бўлдим (шошма, яна бир дақиқа) — буни ҳам фараз қила олмайман.

Шошма, яна бир дақиқа:
–Ўсимтангиз неччи бўлди?
–… кечирасиз, ўсимтам ҳам йўқ.
–Тфу-у-у (т,ф,у), қурумсоқ!

Ёки мана бундай:

Эрталаб уйғонгач, одатинг бўйича ҳозиргина кўриб битирган тушингни ёдингга келтира бошладинг. Бироқ, ҳарчанд уринма, узуқ-юлуқ кайфиятларнинг нимта-нимта қилинган парчалари киприкларингга тегар-тегмас кўзларингда чўкиб ўлаверардилар. Аммо сен учун зарур эди, сен учун тушдаги кайфиятларни қайта тиклаш зарур эди.

Яна ўша ҳол. Нимталанган кайфиятлар ичра алоҳа алланималарнингдир шарпалари кезар, аммо уларнинг чегараларини белгилаб олишга қурбинг етмасди. Шарпаларнинг исми нима эди? Улар кимларнинг ва ё нималарнинг шарпаси? Айни шу саволларга жавоб ахтаришга тушдинг. Бу 310-хонами, бу осмондаги ойми… Унда нега улар кўм-кўк ва зангор?

Шак-шубҳасиз тўхтамга келишингга ўзингни тадқиқ қилишни истамаётганинг панд бериб турганини тушунмасдинг. Аниқ хулоса чиқара олиш учун эса ҳар қандай хомхаёлни соқит қилиш зарур. Зотан, ҳар қандай хомхаёл аслида истак — ИСТАК. Ўз навбатида истак–ҳар қандай хомхаёлга баробар.

Хомхаёлнинг қули эканлигинг шундаки, сен тушларингга ҳадеб 310- хона ва осмондаги ойни тиқиштираверасан. Сен тушларингда фақатгина 310-хона ва осмондаги ойни кўришни истайсан.

Шу бугунги тушингдаги шарпалар ким ёки нима эди — ёлғиз Яратганга аён. Зеро, ўша шарпаларнинг ранги кўм-кўк ва зангор эди.

Сен ҳар кунги тушларингни хотирангда қайта тиклар, ҳар бирини қат-қат қила китоблар орасига солиб қўярдинг. Бугун ишинг ўнгидан келмагани аниқ эди. Шу боис китоблар орасига жойланган бошқа тушларни бир-бировига чатиштириб юборар жазавага тушгандинг. Қип-яланғоч бўлган ҳолда оёқ-қўлларингни, қорин-тўшларингни назардан ўтказа бошладинг. Бирдан кўзларингни олиб қочдинг — киндикдан юқорироқда гурунч донасидай ғаройиб ўсимта вояга етаётган эди. Ўсимта тирик эди. У шамолда тебранаётган жажжи чинордек тиним билмай ўнг-сўлга эгилиб чайқаларди. Уҳ, лаънати,-дединг,-қачон орттириб олдим бу гўрсўхтани?! Бу бало дўконда ёпишдими менга? Ҳойнаҳой Шаффоф Денгизда чўмилаётганимда ёпишган менга бу лаънати.

Шу кўйи жазава ўтида куяркансан, бир нарсанинг фаҳмига бормайсан. Худди мана шу ўсимта сенинг тушларингни заҳарлаётган, заҳарланган ҳар бир туш эвазига бўйи ва энига ўсиб бораётган эди. Чунки, унинг ранги кўм-кўк ва зангор.

* * *

Ўсимта кундан кун тўлишиб ва юксалиб борарди. Табиийки, сен ўзинг учун ва ундан кейин ўсимта учун ҳам яшашни истамайсан. Тўғрироғи, сен ўзинг учун яшайсан, яшай оласан; боз ўсимта учун ҳам кун кечириш эса… буниси бошқаларга ҳавола. Сен ўсимтадан тезроқ қутулиш йўлларини ахтара бошладинг. Дастлаб Катта Шаҳар Ҳамширасининг қабулида бўлдинг. Унинг ёнидан тарвузинг қўлтиғингдан тушиб қайтдинг. Ҳамшира сенга нималар деб вайсади—ёдингда йўқ. Бироқ қандайдир Муқаддас Қатл тўғрисида алланима деганини элас-элас эслайсан, холос.

Ўсимтадан қутулиш учун бир қанча муолажа усулларини қўллаб кўрдинг ҳамки, ҳеч бир наф бўлмади. Ўсимта эса шумтака болакайнинг шўхлиги каби дақиқа сайин равнақ топиб борарди.

Ўша кундан буён тушлар ҳам сени тарк этди. Вақт ва жойнинг чегараси бўлганидек, сенинг ҳам тоқатинг адоғига етди. Ҳар қандай азобга тайёр эдинг. Аммо, ўсимта билан қўлтиқлашиб юриш энг залворли гурзи эдики, бир кун уни шартта-шартта кесиб ташладинг. Ва унинг йиринглаб кетган қорнидан Пасткаш Қуёнчалар чопқиллаб чиқдилар. Чопқиллаб чиқдилар-да ҳар бири ҳар томон гумдон бўлди.

Яна аввалги хуштаъм умринг бошланиб кетди. Минг қатла шукр дея қучоққа сиғмас тушларингни китоб-дафтарлар орасига яшириб қўявердинг.

Шу кунларда қулоғингга бир гап чалинди.
Ўша ўсимта 310-хонага бориб лоф урганмиш:
«Бу мен ШАРИФни кесиб ташлаган.
Мен ШАРИФни кесиб ташладим»…

Advertisements

Comments»

No comments yet — be the first.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s

%d bloggers like this: