jump to navigation

Осмондаги Ойга Қасида December 27, 2012

Posted by Nodir Shams in Қаърдан Ривоятлар.
trackback

Odinochestvo

Осмондаги ой. Ён қўшнимиз ҳисобланган бу осмон жисми тўғрисида етарлича малакали билимга эга эмаслигимиз сабабли айрим ибтидоий тушунчаларимиз билангина чекланамиз.

Баъзи бировларнинг назарида кўзларидан сўлим ёш оқизаётган етим қўзичоқ, яна кимларнингдир хаёл қилишларича, бесон-беҳисоб замонлардан буён суюкли ёрини кўзлари нигорон бўлиб кутаётган маъсума қиз бўлиб туйилган бу само жисмининг асли тарихи, ҳозирги замон фани қатъий ва ҳеч шак-шубҳага ўрин қолдирмайдиган ҳолда асослаб берганидек, қуйидагича:

…жуда кўп милён йиллар муқаддам Коинотда инсон тасаввур қилиши мумкин ва мумкин бўлмаган барча зиддиятларнинг ички ва ташқи кўринишлари бир бутун ҳолича ўзларининг энг юқори тадрижига етди. Ва шунда ортиқ пайсалга солиб туришнинг иложини қилиб бўлмас, мана шу «илож»нинг ўзини ҳам тилка-пора қилиб юборар Буюк Портлаш содир бўлди. Кўплаб самовий жисмларнинг хусусиятлари мутлақо ўзгариб кетди. Шу жараённинг натижаси ўлароқ, бу оламда янги-янги сайёралар кўз очди. Уларнинг қаторида бизнинг сайёра ва ой ҳам бор эди. Мана, ёнгинамизда учиб юрган қўшнимизнинг бунёд бўлиш тарихи қисқача шундай…

* * *

Зим-зиё кулба. Чалқанча ётган кўйинг туннинг кўксини эзғилайсан. Туннинг қитиғи бор. Туннинг кўксини силаб-сийпаганинг боис баттар қитиғи келади. У талтайтириб юборилган мушукча, қиқир-қиқир кулади.Бу машғулот жонингга теггач, «чирт» этказиб гугурт ёқасан, папирос тутунидан туннинг кўзлари ачишади, ачий бошлайди, шу дам негадир «тун эскириб қолди» дея хаёл қиласан ва бижғиб кетган овқатни тановул қилгандек кўнглинг беҳузур бўлади. Тундан кўнглинг қола бошлаганини туясан. Ҳе йўқ-бе йўқ унинг кўксига ортиқ ишлов бермай қўйганингдан аразлашга тушади. Тун йиғлайди, пиқ-пиқ йиғлайди. Сен азалдан кимдир йиғласа, яна худди ёнгинангда, айни шу қизгина каби терс ўгирилганча кўрпага бурканиб, пиқ-пиқ йиғласа, чидаб туролмасдинг, кўнглинг эзилиб кетади. Аста қизнинг яланғоч елкасидан тутасан-да, оппоқ кабутарникидай бўйнига лабларингни ботирасан, қўйгин, бас қил ахир, йўқса… йўқса ёстиқни жиққа ҳўл қилиб ташлайсан, ана унда томошани кўр — тойчоқлар болалаб кетишади, учқур қанотли тойчоқлар, менинг аҳволим нима кечади — бир ўйлаб кўргин ахир, улар сени мендан ўғирлаб кетишади-ку бўйинларига тақинчоқ қилиб, нима қил дейсан, нима қилсам кўнглинг чоғ бўлади сенинг, мана шу зангор тунни ҳайдаб юбора қолай кўппакдай ғингшитиб ёки… нима дейсан, ёки олиб берайми ойни, осмондаги ойни олиб берайми? Айт, олиб бер дегин, ҳозироқ, йўқ, эртагаёқ олиб бераман, хўш, ана-ана, ўзимнинг бароғим, бир жуфт, атиги бир жуфт мовий кўзлари бор мушукчам, айт — энди ҳеч қачон, ҳеч-ҳеч-ҳеч йиғламайман дегин.

* * *

Осмондаги ой. Менинг сочларим кўм-кўк ва зангор. Мушукчалар котибаси эса қўйнимда. Қўйнимдаги мушукчалар котибаси кўм-кўк ва зангор менинг сочларимни тўзғитган кўйи аллақандай қандолатлар ва… ва осмондаги ой ҳақда тинмай бидирлайди, «чайнамай шиминг» менинг жони дилим, нима? чай… э-э , шунақа ширинлик бор-ку, ўшани айтяпман, кўрга ҳасса қилиб номини ҳам «чайнамай шиминг» деб қўйибди, чайнаб ўтирмасдан шундай-шундай шимийверасиз, мана бундай — «чўлп-чўлп», қандай — мана шундайми — «чўлп-чўлп», ҳа-а, айёр тулки, аслида-ку ҳар ўпич учун биттадан ой тариқасида бож тўлашингиз кераг-а, бироқ сиз… пиқ-пиқ йиғи, яна терс ўгирилиш, яна кабутарникидай, оппоқ кабутарникидай биллур бўйинларга суйиб-суйиб лабларни ботириш, яланғоч елкалар, сўнг яна ўзаро битим ва осмондаги ой.

Менга айтинг-чи, ўша осмондаги ойнинг таъми қандай экан-а, худди «чайнамай шиминг»ни ўзи бўлса керак, шундайми? Ҳали кўрасиз, кўзийизи олдида ўша ойни маза қилиб, чайнамасдан шимийман, қандай? мана бундайми — «чўлп»…», э-э йўқ, энди бу ҳунар кетмайди, ўша ойни олиб берганийиздан кейин бўлади иккинчи «чўлп», тамом-вассалом, «чўлп».

* * *

Сулув, -дейман- Сулув, осмондаги ой рози бўлмади бу ёққа келишга, бироқ барибир у сеники бўлади, уни қўлга киритишнинг яна бир йўли бор. 310-хонани биласанми? Ҳа, уч юз ўнинчи хона. Бугун ўша ерда кенгашимиз бор, ойни ҳам таклиф қилганмиз, бу ёққа келгиси йўқми, демак, ўзимиз унинг олдига боришимиз керак, розимисан? Хўп дегин — «хўп».

Мана, 310-хона. Бу ерда Маҳфуза, Дилфуза, Гулбаҳор яшайди. Уларнинг сочлари кўм-кўк ва зангор. Сулув Маҳфуза, Дилфуза, Гулбаҳорни билмайди. Мен уларни бир-бирови билан таништираман. Бизга, дейман, биттагина ой керак. Марҳамат, дейди улар, мана эшик, бемалол беҳадик кираверинглар. Йўқ, дейман, ҳаммамиз бараварига кирамиз, саёҳат сўнгида эса ойнинг силлиқ тошларига бой қўйиб суҳбат қурамиз.

Қаерда ва қай маҳал учрашишни келишиб, 310-хонага қадам қўйдик.

Сен ҳеч тушуна олмасдинг, сен ҳеч тушуна олмаяпсан ва сен ҳеч қачон тушуна олмасанг ҳам керак — нега, нега Сулув хона ичкарисига қадам қўйгани чоқ, ҳар гал қадам қўйгани чоқ шу зумда яна ва яна хонадан ташқарида қолаверади, нега ҳаммангиз қайта ва қайта хона ичига кираверасизлар-у Сулув эса фақат ташқарига чиқаверади, нега унинг ўзи бу ҳолни сезмайди, нега сизлар — Маҳфуза, Дилфуза, Гулбаҳор ва сен бу ҳолни кўрмаётгандек, сезмаётгандек яна ва яна чексиз маротаба ичкарига кираверасизлар, Сулув эса ташқарига чиқаверади?

* * *

Саёҳатнинг лаблари бўзарди. Биз Сулув иккимиз қўлтиқлашиб, жимгина гўшамизга қайтдик.

Зим-зиё кулба. Тун — қора чигиртка. Тун тинмай чириллайди. Сен қора чигирткани ёқтирмайсан. Тун баттар чириллагани сайин юрагинг эзилиб-эзилиб кетади. Мункар-Накирнинг гурзисидай муштинг бор. Мункар-Накирнинг гурзисидай муштинг билан «гурс» — тамом, туннинг миясини мажақлайсан. Сулув эса тинмай жаврайди, шундай, шундай қўрқинчли эканки у ер — «дод» деб юборай дедим, ёлғиз ўзим ҳали у ёққа чопаман-ҳали бу ёққа — қани қорангиз кўринса, бир маҳал ёнма-ён кетган тўрт жуфт изларни кўриб қолдим шу десангиз, орқа-олдимга қарамай шу излар кетидан чопдим, гўрдами! ҳеч ким кўринмайди, бир пайт соатга қараб, саёҳат тугай деб қолганини билдим, ўша белгиланган жойга чўкдим, чор-атроф папирос қолдиқлари, айтгандай — Сиз хуш кўрадиган хилидан (худди шу жойда Сулувни маҳкам қучиб, нимадир демоқчи бўласан. Бироқ демайсан, қучмайсан ҳам. Сулув эса сўзида давом қилади), хуллас, ҳали кутяпман-ҳали кутяпман ҳеч биринглардан дарак йўқ, охири «бор-е» деб изимга қайтдим.

* * *

Осмондаги ой. Осмондаги ой — бу бир капалак.
Осмондаги ой — парпираб учаётган капалак.
Уни сопқон билан ҳам уриб тушириш мумкин.

Бироқ, мен буни истамайман. Сопқонга тош жойлаганча нишонга олаётган шумтака болакайнинг қўлидан тутаман, эй, дейман, эй Сиз, дейман, шошманг, шошмасангиз-чи ахир, сафар халталаримни олиб чиқай ҳеч бўлмаса, ҳеч бўлмаса сўнгги бор қайта ва яна қайта ичкарига кирайин, кириб олайин, сўнг ҳар гал ичкарига киряпман дея ўйлаб, ташқарида қолаверай, ташқарига чиқаверай, ҳеч бўлмаса, сўнгги бор кириб-чиқиб олайин.

* * *

Ва бир кун мени шумтака болакай йўқлаб келади. Дейдики, осмондаги ойни уриб туширишди, у бор-йўғи, атиги юнг-патлари тўзғиган кабутар экан, сўқир кабутар, оппоқ сўқир кабутар экан.

Мен пинак бузмайман, яхшиямки сафар халталарим ўзим билан бирга, кўм-кўк ва зангор…

Advertisements

Comments»

No comments yet — be the first.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: