Борхес Ва Мен

Воқеалар унинг – Борхеснинг чекига тушган.

Мен Буэнос-Айрес бўйлаб кезарканман, йўл-йўлакай, шунчаки йўлаклар пештоқи ва ровотлар нақшларига разм соламан; почта қутисида пайдо бўладиган хатлар ва дорилфунун мударрислар рўйхати ёҳуд таржимаи ҳолларда учрайдиган исмгина Борхеснинг мавжудлигини ёдимга солади. Қумсоатлар, XYIII асрга тааллуқли жўғрофий хариталар, сўзларнинг келиб чиқишига доир узундан-узоқ машғулотлару қаҳва таъми ва, албатта, Стивенсон асарлари менинг жони дилим; у ҳам менинг бу қизиқишларимга мубтало эканлигини билсам-да, аммо бу шерикчилигида ҳамиша такаббурликни кўраман. Бу билан бизни ўзаро душманлик кайфиятида, деб ўйлаш нотўғри бўлур эди – Борхес ўз асарларини ёза олиши учун ва бу ёзмишлари билан менинг мавжудлигимни тасдиқлаши ҳаққи мен ҳамон тирикман.

Унга мансуб айрим ҳикоялар мароқли эканини эътироф этаман, аммо муваффақият қозонган бу асарлар ҳам мени сақлаб қола олмайди, илло буларнинг дунёга келишига унинг ўзи ва ёки бошқа яна кимдир сабабкор эмас ва балки тил ва анъана бағрида азалдан муқим бўлган салоҳият айни саҳифаларни воқеъ этгандир. Не бўлганда ҳам мен йўқлик сари ғойиб бўлишга маҳкумман, эҳтимол, охир-оқибат менинг бирор заррам унда муқим қолар ҳам. Унинг сохталаштириш ва муболағага мойиллигини билсам-да, мен ўзимни мисқоллаб унга тақдим этиб боряпман.

Спиноза айтадики, мавжудлик ҳамиша мавжуд бўлишга интилади, тош – мангу тош бўлишни, қоплон ҳам шу сувратида қолишни истайди. Мен эсам – мен эмас (агар чиндан ҳам бор бўлсам), билъакс Борхеслигимча қолишга маҳкумман. Ҳасратли гитара оҳангларини айтмаса, унинг китобларида мен ўзимни тобора танимай боряпман. Бир сафар ундан халос бўлишни ўйлаб, изланишларим мавзуини ўзгартирдим – қишлоқлар мифологияси ўрнига замон ва макон ўйинлари билан машғул бўлдим. Энди бўлса булар ҳам Борхесга тегишли, мен эсам яна бошқа йўллар излашга мажбурман. Шу боис менинг бутун умрим – Борхесдан нари қочиш,  неки қилсам, барчасининг интиҳоси – йўқотиш, барчаси унутилишга маҳкум ёҳуд батамом унга тегишли. 

Бу ҳасратларни иккимиздан қай биримиз ёзаётганимиз ҳам менга қоронғу. 

Leave a comment