jump to navigation

Гулзор Чеккасидаги Қуёш January 31, 2012

Posted by Nodir Shams in Олим Отахон Адабиёти.
trackback

Олим Отахон

Октябрнинг ўрталарида уч ойдан буён даволанаётган Муайядга шифохонада ўтказилган кенгаш хулосасига кўра, жавоб беришга қарор қилинди.

Ўша куниёқ тушдан кейин Муайядни олиб кетгани укаси, онаси ҳамда хотини Зарифа келди. Учовининг, айниқса, иккала аёлнинг йиғидан қизарган кўзлари ўтинчли савол назари билан боқарди. Уларни касалхонада ҳеч ким юпатмади, кўнглини ҳам кўтармади, керакли қоғозларни тайёрлаб бўлгач, Муайяднинг касали туфайли унинг оила аъзоларига ўз қадрдонларидек бўлиб қолган бош врач кампирдан ҳол-аҳвол сўради, сўнг Зарифага эҳтиёт шарт йўриқларини тушунтирди. Гарчи, шу уч ой мобайнида нима гаплиги аён эса-да, ҳаммалари бирдан жавоб беришганини тушунолмай юракларини ҳовучлаб турарди.

– Муайяд насиб қилса кўрмагандек бўлиб кетади ҳали, хола, – деди бош врач.

Аммо бу илиқ ва самимий тасалли ҳам қоронғи уйнинг эшигини очиб, ичкарида нима борлигини тушунтиришга ўхшагандек гап эди.

Улар биринчи қаватнинг нариги  қанотига қараб ошиқдилар. Муайяд ётган хонанинг эшиги очиқ эди. У тўрда, дераза ёнидаги каравотда соқоллари ўсган кўйи шифтдан кўз узмай ётарди. Улар хонага кирганларида секин бошини буриб қарашга одатланган Муайяд жим ётаверди. Кампир рўмолининг учини кўзларига босди, Зарифа эрига яқинлашди, Муайяд уни кўрди, кулимсиради ва ҳамма гапни бирдан тушунгандек ётган еридан бош қимирлатди.

Кампир уввос солиб юборди.

Касалхонанинг замбилини олиб киришганда Муайяд унамади, улар ҳайрон бўлиб, ўз ҳолига қўйишган эди, анчагача кўзини бир нуқтадан узмай бақрайиб ўтирди, сўнгра дафъатан бошини кўтариб, атрофидагиларга бирма-бир қараб чиқди: нигоҳи хотинида тўхтади. Муайяднинг ранг-рўйида ўзгариш сезилиб, кўзларида умидбахш учқунлар пайдо бўлаётганига қарамай, унинг ҳали жуда дармонсиз экани ва муттасил ўлим билан олишиб, силласи қуриганлиги бир қарашдаёқ сезиларди: у ниҳоятда озиб кетган, кўзлари киртайиб, ёноқ суяклари беўхшов туртиб чиққан, одамга беихтиёр ночор ва маънисиз боқар эди. Зарифа ҳозир, айниқса, эри ўзига қараб турганида мана шуни чуқур ҳис қилди. У чидаб туролмади, югура келиб эрининг қоқсуяк, шалвираган қўлларидан тутди-да, юзини илкис четга бурди.

Кузак қуёшининг юмшоқ нури хонага қиялаб тушарди. Муайяднинг елкаси, тиззаларида тебранган шуълалар ерда ҳам увинтўда бўлиб сочилиб ётарди. У гўё шундай ажиб, бебаҳо эҳсон увол ётибди, дегандек, дам-бадам оёқлари тагига назар соларди.

Муайяд хотинининг билагига таяниб ўрнидан туришга чоғланди-ю туролмади, уриниши эса зое кетди – бемажол чўзилди. Зарифа эрининг юзига, юзидаги ифодаларга термулди – унинг катта-катта  кўзлари ғилт-ғилт ёш эди.

– Зарифа, ойи… шукр, яхшиман… – деди Муайяд ва ночор кулимсиради. Кейин худди гапини амалда тасдиқламоқчидек, иккала қўлини баравар олдинга узатди. Деразадан тушаётган қуёш нури энди унинг енг остидан аянчли чиқиб турган нимжон билакларини ҳам ёритди.  Бир қўлидан укаси, иккинчисидан хотини қўлидан тутгач, Муайяд базўр ўрнидан турди.  Қўлида кичкина тугунча, ҳовлиқиб кираётган ҳамшира қиз остонада тўхтаб, худди тушида кўрган ҳодисага ўнгида дуч келган одамдек қотиб қолди. У кўзларига ишонолмасди.

Муайяд эса бир қадам ҳам юролмади. У аввал рўпарасида турган онасига илжайиб қаради, кейин чап ёнбошидаги укасига юзини буриб илжайди, алоҳа замбилга ётишга розиман, дегандек имо қилди.

Онаси рўмолининг учи билан ҳеч кимга сездирмай кўз ёшларини артиб олди. Ҳамма Муайяд билан банд бўлгани учун буни сезмади. У замбилга чалқанча тушиб ётганида  она боёқиш замбилнинг бир учига бармоғини теккизиб кўзига суртди.

Муайяд қушдеккина эди. Уни кўтариб чиққанларида ғира-шира йўлакда тўдалашиб турган беморлар унинг тепасига ёпирилдилар. Муайяд улардан биронтасининг исмини билолмади, аммо юраги жуда тез уриб кетганида ҳолсизланди, кўзига ёш қyйилди. Қулоғига ғалати олис товушлар эшитила бошлади. У йўлак шифтида парпираган сутчироқларга, икки томонида ўзини кузатиб чиқаётган одамларнинг юзларига  ҳайрон қараб ётди-ю, ҳовлига чиққанида хотинини ёнига чақирди ва жуда сўник, аммо ишонч билан пичирлади:

– Зарифа, қушлар сайраяпти шекилли!..

Орадан ўн беш кунлар чамаси вақт ўтгач, ҳадеб қистайверганидан кейин, ноилож уни ҳовлига олиб чиқишди.

У ҳамон дармонсиз эди, ҳамон ич-ичига ботган кўзларидан қўрқув ва ночорлик аломати аримаганди, лекин шунга қарамай, ўша касалхонадан чиққан кунидаги аҳволига нисбатан кўриниши ҳийла дуруст – рангига ним қизиллик югура бошлаган эди. Аслида зоҳиротида сезилаётган бу ўзгариш унинг руҳиятидаги жуда катта ўзгаришларнинг  инъикоси эди. Денгизнинг сокин чайқалишида унинг тубидаги қудратли, тинимсиз ҳаракатлар белгиси унчалик сезилмайди.

Аммо Муайяд кўп нарсани эслолмас, аҳён-аҳён кейинги уч-тўрт ой ичида бошдан кечирган воқеалар тушида ёки олис болалигида юз берган ҳодисалардек элас-элас хотирида  жонланиб қоларди. У ҳарчанд кўзларини бир нуқтадан узмай ёки кўзларини  юмиб ўйламасин, барибир, бу ғира-шира хотиралар риштасини бир-бирига улаёлмасди. Бу хотиралар нимадан дарак берар эди? Ғайришуурий ҳис қилинган ҳаётданми? Ёки онг фаолиятининг инсонга номаълум таъсириданми?  Мана шундай эслашга уриниб кўриш чоғларида Муайяднинг дардчил чеҳрасида руҳий изтироб аломатлари пайдо бўлар, хотинига бунинг сабабини сира тушунтириб беролмас, тушунтиришга уринганларида эса нуқул ғўлдирар, нуқул бир ниманинг номини эслолмай калкаланар эди. Зарифа эса буни кўриб, ич-ичидан зил кетарди. Бироқ кейинги ўн беш кун мобайнида, ўша касалхонадан чиққан лаҳзаларида бирдан зўрайган товушларни ҳаддан зиёд, фавқулодда ҳис қилиш туйғуси энди ўқтин-ўқтин вулқон сингари жонланиб қолар ва руҳий  изтироблар доғини ювиб ташлар, худди шу лаҳзаларнинг  шифобахш қудрати унинг ҳаёт-мамотига бениҳоя  зарур шароитлар яратиб берар эди.

Хотиранинг кескин сусайиши унинг  нигоҳидан, баъзан саволларидан сезилиб турса, бу фавқулодда ҳис қилиш сезгиси мамнун бўлган ва руҳий ҳаловат топган чоқларида  билинарди.

Зарифа кўпинча унинг ички зўриқишдан қийшайган афтини кўриб ва ғалати саволларини эшитиб, сиқилиб кетарди. Баъзан-баъзан эрини турли хаёллардан чалғитиш ва зериктирмай ўтириш мақсадида кейинги уч-тўрт ой мобайнида рўй берган воқеаларни  гапириб берарди, кунлардан бир кун эҳтиётсизлик қилиб, унинг қаттиқ касалга чалиниб, деярли бир ой “ҳушига келмай, одамни қўрқитиб юборгани”ни  айтиб юборган эди, ҳайриятки, Муайяд ҳеч нарсани тушунмади. Худди гап йўқолган тугмачалар ҳақида бораётгандек, беозоргина жилмайиб бош чайқаб қўйди, холос.

Аммо шунга қарамай, Муайяд ҳеч кимга аён бўлмаган синоатни сўз билан ифодалаш ва тушунтириб бериш мушкул даражада  жуда чуқур биладиганга ўхшарди. Ҳар қандай инсон ўзига  алоқадор маълумотни эшитгач, агар у бутунлай ақлини йўқотмаган бўлса, эътибор қилади ва чеҳрасида, нигоҳида жиндаккина ўзгариш юз беради. Аммо Муайядда худди мана шу, одамга хос таъсирланиш хусусияти мутлақо йўқолганга ўхшарди. Бироқ бу унинг фавқулодда кучли ғайритабиий сезиш қобилятини кўмиб юбормас, аксинча, уни аниқроқ пайқаб олишларига имкон яратарди. Муайяд ақлдан озмаган эди. Лекин ҳеч нарсани эслолмас ва мабодо айтиб берсалар ҳам тушунмас, анграйиб ўтираверарди. Шунда  ҳам унинг фавқулодда сезгига эга эканлиги ошкора сезилиб турарди. Унинг ўзи, табиийки, буни билмас, Зарифа эса кун сайин буни  ҳис қилар ва қўрқар эди.

Таажжубланарли ери шунда эдики, фавқулодда сезиш қобилятини қўяверинг, Муайяд сон-саноқсиз, ғира-шира шарпалар, кўланкалар сингари қиёфалар шуурида акс этиб қолганига қарамай, ҳар қанча зўр бермасин, уларнинг лоақал биттасини эслолмай қийналар ва ноилож Зарифани чақириб ундан сўрарди.

– Зарифа, менга нима бўлди? Сенга сезилмаяптими, менга бир нима бўлганга ўхшайди, худди…

Унга аслида ҳеч нима бўлмаган эди. У соғайиши, иложи борича тезроқ кўрмагандек бўлиб кетиши керак эди. Зарифа шуни кўнглидан ўтказарди-да, унинг сочларини бармоқлари билан тарар ва нима десам, қандай тушунтирсам, дея боши қотарди. Хотинининг индамаганини кўриб, Муайяд саволларига унинг юзидаги ифодалардан жавоб изларди.

Кун сайин Зарифа ҳам ўзида ғалати, илгари сезмаган қизиқ бир ўзгариш сезарди. У табиатан очиққина эди, ичида гап ётмасди, бироқ энди у табиатига  хилоф равишда эридан кўп нарсаларни яшириш лозимлиги, ҳар бир нарсани айтавермасликдан ташқари, мабодо эри шу ҳақда сўраб қолгудай бўлса ҳам, сир бой бермай, гапни бошқа мавзуга буриб юбориш зарурлигини ҳис қила бошлади.

Муайяд эса аҳволи енгиллашган сари ўзида нима ўзгариш юз бераётганига  камроқ қизиқадиган бўлди. Охирги марта, ҳовлига чиқмасидан икки кун аввал, кечқурун хотинидан:

– Зарифа, тўғрисини айт, менга бир нима бўлганга ўxшайди. Сезмаяпсанми? – деб сўради.

– Ҳеч нима бўлгани йўқ. Ҳеч  нарса сезаётганим ҳам йўқ, – деб жавоб қилди Зарифа кўзгу олдида сочларини ёйиб тураркан.

Муайяд хотинининг тим қора сочлари чироқ шуъласида жилва қилаётгани, оппоқ елкаларида ғалати бир тарзда чирмашганидан кўз узмай тураркан, уни илк бор шу ҳолатда  кўраётгандек бўлди.

– Йўқ, кўп нарсаларни биринчи марта кўраётгандекман…

– Сизда ундай нарса сезилмаяпти. Бунақа хаёлларга берилаверманг ҳадеб.

– Товушлар-чи… Товушлар мутлақо бошқача эшитиляпти… буни билмаслигим мумкинмасдир. Мана, ҳозир ҳам…

…Чиндан ҳам Муайяд товушлар бағридаги юзага чиқмаган ва ҳали товушга айланмаган садоларни ҳам илғайдиган, ҳис қиладиган бўлиб қолган эди. Шунинг учун, мана шундай ҳолатлар чоғида унинг қулоғи остида турли оҳанглар тўкилиб қолаётгандек туюларди. Масалан, бир куни, дарахт шохларининг томни тирнаётгани унга яқин-атрофдаги тарновдан сув шариллаб оқиб тушаётгандек бўлиб туюлди. Бошқа сафар, элас-элас куй оҳанглари эшитилганди, шамол бўляпти, деган ҳаёлга келди. Бир куни эса шифтга тикилиб ётаркан, бирдан Зарифани чақирди-да:

– Зарифа, деразани очиб юбор, кимдир най чаляпти, – деди.

Бундай пайтларда унинг талабларини сўзсиз бажаришга одатланиб қолган Зарифа деразанинг бир тавақасини очиб қулоқ солди, ҳатто ҳовлига тушиб тинглади ҳамки, ҳеч қандай най товушини эшитмади.

Кейин маълум бўлишича, най оҳанглари Муайяднинг хаёлида янграган экан.

Зарифа шу ва шунга ўхшаш ўзини ташвишга солаётган нарсалар ҳақида врачдан сўраганида, у узоқ ўйланиб турди-да:

– Билмадим, синглим, бир нима дейишга ҳам ҳайронман, – деди. – Аммо-лекин, бундай нарсани мен ўз тажрибамда учратмаганман. Ҳа, ҳар қалай, қизиқ, йигирма кун ичида шунча ўзгариш…

Муайяд ташқарига чиққан куни эрталаб ёмғир шивалаб ўтганига қарамай, ҳаво иссиқ эди. Чошгоҳ пайти ҳовлининг офтобрўя қисмига  оромкурси қўйиб кўрпача тўшадилар. Хиёл наридаги сўрига эса энди қавишга тутинган қип-қизил, чўғдек дўхоба кўрпасини кўтариб онаси жойлашиб олди.

Муайяд ҳовлини кўздан кечира бошлади.

Япроқлари қондек қизарган: қизғиш илдизлари қўпорилиб қолган гилос, қуёшнинг равшан нурлари акс этган равон ойналари… Булар Муайядда яхлит таассурот қолдирмасди, булар кузнинг маъсум ҳомиласидек покиза, сокин туйғулар уйғoтаётганига қарамай, мана шу яхлитлик йўқлиги, бир-бирини тўлдира олмасликлари учун Муайяд руҳини – узоқ дард чекиб, ҳар нарсага маҳлиё ва мутаассир бўлишга интизор йигитнинг юрагини бирдан яшнатиб юборишга ожиз эди. Лекин, барибир, қисман бўлса ҳам бу номукаммал манзарадан кўз узмай ўтирган Муайяднинг кўнглида яшашга нисбатан ҳар қачонгидан кўра кучлироқ бир майл, истак ғунчалай бошлади.

Ҳовли тепасидан қушлар галаси учиб ўтди.

Муайяднинг димоғига номаълум, аммо шифобахш ҳидлар урилди.

Қулоғи остида эса жажжи кумуш қўнғироқчаларнинг нафис садолари янграй бошлади.

Муайяд боши айланиб кўзларини оҳиста юмди. Кўзини очганида эса чоғроққина  гулзор этагида нозик бандини кўтара олмаганидан ерга тегай-тегай деб турган нимпушти гул ва  чалқанча ётиб оёқчалари билан гулни оҳиста, беозоргина туртиб-туртиб ўйнаётган малла мушукчани кўрди. Ҳовлидаги манзаранинг яхлитлиги, таъсир кучи худди мана шу мушук билан гулга боғлиқдек ёки шу манзаранинг тугаллик касб этиши учун малларанг мушукча билан нимпушти гул етмаётгандек бирдан ҳамма нарса жонланиб кетди. Муайяд кўриб кўзларига ишонмасди. Назарида, ногаҳон кўзини юмса, ўша заҳоти гул билан маъсум мушукча хаёлот дунёсига ўтиб кетадигандек.

Муайяднинг қаттиқ ҳаяжонланиши мумкин эмасди, бироқ у истаган тақдирда ҳам қаттиқ ҳаяжонлана олмасди, чунки ҳиссиётнинг қуввати ҳали тикланмаган эди. Зеро, унинг кўнглида малла мушукча билан нимпушти гул уйғотган ҳиссиёт сокин ва шикаста дилни мафтун этишгагина етарли эди.

“Жудаям чиройли мушукча экан, – дея кўнглидан кечирарди Муайяд, – аммо кутилмаганда бу ерга қаердан келиб қолди?”

Кумуш қўнғироқчалар бир меъёрда силкинар ва нафис садолар бир меъёрда тарқалмоқда эди.

Бу манзара жуда ғалати: нимпушти гул билан ўйнамоқ илинжидаги мушукча ҳар қанча  кутилмаган ва нодир ҳолат бўлса ҳам, айни ҳақиқат эди.

Муайяд хўрсинди.

“Қизиқ , – дея ўйлар эди у, – худди атай қилгандек, рўпарамда шундай пайдо бўладими? Яхшиям шу бугун ҳовлига чиқаман деганим.”

Гул билан мушукчанинг ранги шунчалар ҳам уйғун эдики, одамни ҳайратга соларди. Гул оқишга мойил нимпушти, мушукча эса оқишга мойил малларанг эди. Ҳатто гулнинг сарғиш ёғдуси оғушида уларнинг рангини адаштириб юбориш ҳам мумкин эди.

Мушукча ўрнидан турди-да, миёвлади ва сакраб гулнинг устидан ўтди, кейин орқа оёқларида тик туриб олганича, қўлчалари билан гулни беозоргина тирнай бошлади. Гулбарглар орқасида бир ҳовуч дур сингари оппоқ томчилар тўкилди.

Мушукча ортига чекинди ва югуриб келиб гулни боши билан туртди. Гул шамол тебратган митти фонус каби чайқала-чайқала мушукчанинг керишиқ бели устида  омонатгина тўхтади. Муайяд чапак чалиб юбораёзди. Атиги бир неча дақиқагина чўзилган бу манзара бениҳоя гўзал эди: жажжигина мушукча бир даста гулни орқалаб кетаётганга ўхшарди.

Муайяд шуурида бирин-сирин гўзалликка тобе туйғуларнинг қопқалари очилиб бормоқда эди. Энг муҳими, шу лаҳзаларда унинг бутун вужуди дарддан фориғланаётганга ўхшарди.

Мушукча бир нафас тиним билмасди.

Гул ҳам худди шундай шерик топилганидан беҳад мамнундек чиройли тебранар, аҳён-аҳён битта-яримта гулбарглари капалаклар сингари учиб тушарди.

Муайяднинг юзи қизиди, кўнглидан “Зарифа қаерда экан?” деган хаёл ўтди. Алоҳа онасига назар солди. Онаси мук тушиб кўрпа қавир, дока рўмoлининг бир учи қип-қизил духоба кўрпага тегиб турарди. Муайяднинг қалбида номаълум туйғулар қулф ура бошлади. Аслида, булар номаълум туйғулар бўлмай, унутилаёзган туйғулар эди. Мана шу унутилаёзган туйғулар жонланган ёки қайта уйғонган сари унинг вужуди офтоб нурида жонланган ёки уйғонган гиёҳ сингари барқ уриб борарди. Унинг ўзи буни сезмасди-ю, бироқ нимжон ва ўта таъсирчан ҳаста вужудида юз бераётган оний ўзгаришлар орқали ҳис қилар эди.

У яна гул билан мушукча томонга қаради. Энди бир парчагина нур уларни бошдан-оёқ ёритарди.

Мабодо, бундай манзарага одам умри давомида дуч келиб қолса, унинг турмушида ҳеч қандай ўзгариш юз бермайди; аммо ҳамма гап бундай манзарани кўриш камдан-кам одамга насиб қилиши мумкинлигида! Мана шунинг учун бундай манзара муҳим воқеа сифатида тилга олинса арзийди. Қолаверса, бундай ноёб манзара диди, қалби, маърифатига қараб одамга жуда катта таъсир қилиши ҳам мумкин. Бу фақат кўзга кўринмайди, бироқ табиат оламидаги шунга ўхшаш сирли ва ғалати ҳодисаларни мушоҳада этиш орқали бундай манзараларнинг ҳам айни таъсирини аниқласа бўлади.

Муайяд жажжи мушукчага хос табиий ғайрат билан нимпушти атиргулга хос маъсумлик вужудига оқиб кираётганини сезди. Пинҳоний қувонч ва мамнуният билан табиат ато этган  гўзал ўйин аҳди, сирли рақс истаги, мукаммал  ва соғлом ҳаракатлар  талаби намоён бўлган манзарадан кўз узмас экан, беихтиёр дунёдаги ҳар бир нарса муҳим,  нечоғлик кутилмаган, ғайритабиий эканлигига қарамай, ҳар қандай фаолият аҳамиятга эга эканлиги, уни тўхтатиш ва йўқ қилишга уриниш шафқатсизлик ва ноинсофликдир, деган фикрлар Муайяд кўнглидан кечарди.

Бирдан қўнғироқчаларнинг нафис садолари тиниб, ҳазин наво эшитила бошлади. Мушукча ҳам бу товушни эшитиб қолгандек, ерни тирноқчалари билан тимдалашдан тўхтади, оқишга мойил малларанг бошчасини баланд кўтарди.

Муайяд яна кўзини юмди. Ажабо, кўз олдидан мушукча билан гул кетмади, фақат бу вазиятда – кўзини юмиб турганида мушукчанинг ранги мовий, гул эса сариқ эди.

Унинг назарида тун қўйнида жажжи фонус  шуъла сочаётгандек бўлди.

Малла мушукча ҳеч бир жиҳати билан улкан парвонага, нимпушти гул эса зинҳор-базинҳор тун қўйнида ёғду сочган фонусга ўхшамаса ҳам, аммо барибир, малларанг мушукча муттасил келиб суйкалаётган нимпушти гулдан тун қўйнида порлаб турган фонус сингари бир зиё таралаётгандек эди…

Эҳтимол, бундай манзарани Муайяд шифо топгач кўрганида завқланган ва шу  завқдан кайфияти чандон кўтарилиб кетган бўларди, холос. Ҳозир эса, бу манзара дунёга, одамларга, кунларга ғанимат, азиз бебаҳо нарсалар сингари аҳамият бериш лозимлигини ўргатарди. Айни чоқда, у ҳеч нарса ҳақида ўйламас, мулоҳаза юритмас эди-ю, бироқ ажабо: толиққан ва ўзини қайта кашф этаётган қалби оддий қувонч бағрида энтикиб, борган сари жуда кўп синоатлар: яхшилик, мурувват, покдомонлик сингари туйғулар оламга татигулик фазилатлар эканини ҳис қила бошлаган эди.

“Гул шохларини ҳар йили шу пайтда бутаб қўйишарди, – дея ўйларди Муайяд. – Агар бу йил ҳам шундай қилишганда бундай манзарани кўриш насиб этмасмиди?!”

У ўз хаёлларидан ажабланиб онасига назар ташлади. Онаси энди қип-қизил чўғдек духоба кўрпанинг бир учини тиззасига олиб, хаёлчан нигоҳини ундан узмай ўтирарди.

Муайяд ажабланди. Чунки назарида гул ва мушукчадан таралиб, унинг вужудига, қалбига таъсир этаётган ҳиссий шуълалар онасининг нуроний чеҳрасидан, нигоҳидан, умуман, қиёфасидан ва вужудидан келаётган меҳр олдида нурсизланиб қолиши мумкиндек туюлди. У энтикди ва:

– Ойи, қаранг мушукчани, – деб юборди беихтиёр.

– Ҳа, гулни жуда яхши кўраркан, – деди онаси. – Одамга ўхшаб яхши кўраркан.

Муайяд яна ажабланди. Чунки унинг ҳам кўнглидан айни шундай гаплар ўтаётганди. Аммо онаси кўнглидаги туйғуларга бунчалик яқин ва ҳамоҳанг фикр билдирганига қарамай, барибир, улар – она билан боланинг ҳиссиётлари орасида жуда катта тафовут бор эди. Негаки, ҳар қанча кекса бўлмасин, онаси соғлом эди. Муайяд эса энди тузала бошлаган эди: бу айни чоқда, рўйи-равшан кўзга ташланарди. Лекин, барибир, минг қилса ҳам онанинг ҳиссиётида фарзанднинг ички дунёсига сиғмаган туйғулар яшарди.

Муайяд яна Зарифа ҳақидаги хаёлга тўхтади. “Агар ҳозир Зарифа кириб қолса, мен унга кўнглимдан кечаётган гапларни айтармидим, – дея ўзига-ўзи савол берди-ю, кетидан жавоб қайтарди. – Йўқ, айтиб беролмасдим. Чунки қандай қилиб тушунтириб бераман. Умуман, нимани ҳам гапириб бера олардим, ахир ҳали ўзим ҳам нималигини тушунганим йўқ-ку!” Муайяд хотинига баъзи нарсаларни айтиш шарт эмас, деган қарорга келаётган бўлса ҳам, бу ўзаро ишончсизлик ёки меҳру оқибатсизликдан дарак бермасди. Зотан, улар энди худди мушук билан гул сингари бир-бирларини беихтиёр узлуксиз ардоқлай бошлаган эдилар. Буни дастлаб Муайяд тушунди. Аммо нимпушти гулнинг яшил баргини ялай бошлаган мушукчага қараб тураркан, бу ҳақда Зарифага ҳеч нима демасликка аҳд қилди.

Advertisements

Comments»

No comments yet — be the first.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: