jump to navigation

Тўртинчи Қаватдаги Сарғиш Дераза October 2, 2011

Posted by Nodir Shams in Олим Отахон Адабиёти.
trackback

Олим Отахон   

У сарсон изларди ўзини-ўзи. А. Рембо                                                                                          

Ҳаётда ҳеч нарса ўзидан ўзи содир бўлмайди: беамр тикан кирмайди, деганлари бежиз эмас – рўй берган ҳар қандай ҳодисанинг  сабаби мавжуд- бироқ кеч кузнинг замҳарир кунларидан бирида тасодифан учраб, хаёлингни алғов-далғов қилиб юборган нарсанинг сабабини сен ҳеч қачон топа олмайсан: қолаверса, бунга ҳатто қизиқиб ҳам кўрмайсан…

Ҳолбуки, ҳаммасига арзимаган нарса – осмонни тўлдириб ўтаётган йўловчи қушларнинг ғамгин товушлари сабаб бўлган эди.

Эсингдами, ўша куни кеч қайтдинг: қорайган осмон, рутубатли ҳаво… Чакмонинг ёқасини кўтариб, негадир болалигингда юз берган бир воқеани эслашга  уринган кўйи ёмғир ёғиб ўтган йўлкадан юриб келардинг. Кўнглинг бир оз ғаш эди, эҳтимол, юрагингга ҳеч нарса сиғмасди.

“Нима қилиш керак? – дея ўз-ўзингдан норози бўлардинг ва секин-аста аллақандай умидсизлик юрагингга чўкиб бораётганини сезардинг. – Худди ҳаётимда бир нима юз берадигандек доим ниманидир кутиб юраман… Нима қилиш керак?”

Сен кўримсизгина бино томон юриб ва худди шундай кўримсиз йўлакдан ўтиб чапга буриласан. Йўл ўртасида калта-култа шохларини узатишга чоғланган кўйи қотиб қолган дарахт ёнидан ўтаётиб хўрсинасан.

Дунёда хосиятсиз нарсалар кўп: хосиятсиз кунлар, хосиятсиз тушлар, ҳатто хосиятсиз тасодифлар … Сен ирим-чиримларга ишонмаганинг учун бу хосиятсиздек дарахтга бошқа кўз билан қарардинг.

Шамол энди рўпарадан эсарди, сен чиқишдан кўра тушиш ноқулай бўлган зина тарафга юрасан. Зина тепасига етганда  теварак-атрофни алланечук шовур-шувур  тутиб бораётгандай туюлади; сен пастга туша бошлайсан – қуйироқ тушганинг сари шовқин кучайиб боради. Сўнгги поғонага оёқ қўйганингда дастлаб бошинг узра денгиз тўлқинлари гувиллагандек бўлади, илкис бош кўтариб, учиб бораётган қушлар галасига кўзинг тушганда эса ҳазин садолар янграб кетади.

Худди мана шу қушлар жуда кўп нарсалар ҳақида  сени огоҳ қилиши мумкиндек ва ҳаётинг қўнғироқчаларини чалиб юборишга қодирдек уларга дафатан талпинасан.

Бироқ, қарасанг қушлар йўқ, улар узоқда қора доғлардек қип-қизил шафаққа сингиб боради. Сен мунғайиб улар ортидан термуласан, назарингда яна бошқа қушлар тўдаси учиб ўтаётгандек, ҳеч қаерга жилмай, кўзинг толгунча қараб тураверасан. Бехосдан бир нарсага кўзинг тушади-ю, юрагинг ҳапқириб ҳаммасига тушунасан.

Бу ҳозиргина тепасидан сайёҳ қушлар учиб ўтган иморатнинг тўртинчи қаватидаги дераза эди, ундан аста-секин қуюқлашётган қоронғулик қўйнига ипакдек майин шуъла тараларди. Бамисли нотинч денгизда адашиб – улоқиб юрган ва кунлардан бир кун нур сочаётган маёқни кўрган денгизчилар илкис қувончдан ўзларини йўқотиб қўймай, дастлаб жилвагар маёқнинг нажотбахш рафторига мафтун бўлгандек сен ҳам бир неча сония тўртинчи қаватдаги сарғиш деразага  ҳайрат билан тикилиб қоласан. Дераза чиндан ҳам маёққа ўхшарди: у имлар  ёхуд чорлар ва бу дераза шаклидаги ёруғлик манбаи оҳанграбодек домига тортарди. Сен беихтиёр “Қушлардан хотира бу” дея хаёл қиласан: дарвоқе, деразадан ёғилаётган қизғиш шуъла билан қушлар овозида муайян умумийлик бор эди – икковининг замирида ҳам унсиз фарёд  кучли, иккови ҳам деярли бир хил таъсир этарди.

Сен йўлканинг адоғига боргач, яна бош кўтариб қарайсан. Энди деразани бафуржа томоша қилса  бўлади, чунки сен унинг нақ рўпарасидасан. Назарингда дераза ҳамон кимнидир чақирар, кимнидир ўзидан огоҳ қиларди: нимадандир умидворга ўхшарди. Сен дафъатан мана шу илтижони пайқаб қолганинг учун зум ўтмай у илтижонинг  қизғиш бармоқлари вужудингга ёпишиб, юрагингни пайпаслаётганини сезиб сесканиб кетасан. Ҳа, у юрагингни изламоқда эди! Беихтиёр энтикасан.

Бу ердан ҳатто четларига лоларанг тўр ҳошия бостирилган дераза пардасининг заррин гуллари аниқ  кўринарди. Сен, ана ҳозир парданинг бир четини оҳиста қайириб, биров қараб қоладигандек ёки парда бироз қимирлаб кетадигандек юрагингни ҳовучлаб кутасан. Аммо парда қилт этмайди ва сен оёғингни судраб уйга жўнайсан.

Шу куни алламаҳалгача мижжа қоқмай, тунчироқни ёқиб ўтирасан, кўзларинг қум тиқилгандек ачишади; юрагинг безовталана бошлайди. Охири қақшаб оғриётган елкаларингни силаб-сийпаб, тунчироқни ўчирмасдан ухлаб қоласан.

Орадан икки кун ўтгач, яна шу йўл билан уйга  қайтасан. Тўғри, бу йўлдан юришга асли одатланмагандинг. Лекин сарғиш дераза кун бўйи хаёлингдан кетмагани учун шу йўлдан келгандинг. Кимсасиз майдонча.  Мана ўша хосиятсиз дарахт. Дарвоқе, сен тут бўлса керак, деб ўйлаган дарахтга ўзингча ном қўйиб олгандинг: “Роғ!”

Сен иложи борича деразага  қарамасликка тиришасан. Лекин дилингнинг бир четида сарғиш деразанинг худди ўша кунгидай порлаб турганига ишонч бор эди. “Балки ўша куни чиндан ҳам тасодифан шундай бўлгандир”, – дея хаёлингдан кечирасану, бари бир қарамаслик учун ўзингни чалғита бошлайсан, пешонанг тиришади, алоҳа бари бир сарғиш дераза хаёлларинг орасига аста кириб қолади.

Зинадан тушиб, энсиз йўлакнинг адоғига  келиб қолганингни пайқаб, ноилож бош кўтариб қарайсан.

Сарғиш дераза сени кутаётган эди.

Қараганинг заҳоти дераза худди сен билан саломлашмоқчидек парпирайди ва ёришиб кетади – гўё қоронғулик қўйнида гуриллаб ёна бошлагандек.

Сен беихтиёр қўл кўтариб ишора қилмоқчи бўласан, аммо орқа тарафдан қадам товушлари эшитилиб, фикрингдан қайтасан. Икки киши ёнингдан шоша-пиша ўтиб кетади. Бу одамлар шунчалик ҳовлиқиб борар эдики, оёқлари чалишиб, ҳар қадамда қоқилиб сурилардилар.

Дафатан, “Шулар ҳам менга ўхшаб сарғиш деразани кўриб, фикру зикри шу билан банд бўлиши мумкинми?  ” деб ўйлайсан. Бу сарғиш деразага ҳар куни қанчадан қанча одамнинг кўзи тушмайди дейсан?! Бироқ, ич-ичидан биронтаси унга аҳамият бериш тугул, қайрилиб ҳам қарамаслигига  ишончинг комил эди.

 Эҳтимол, сен ҳам шу чоққача қарамай, сайёҳ қушлар осмонни тўлдириб учиб ўтган ўша оқшом кўриб қолгандирсан? Эҳтимол, ҳар бир одам учун шунга ўхшаш алоҳида тасодиф керакдир?!

Бора-бора бу сарғиш дераза фикру хаёлингни ўғирлаб  қўйди. Сен ҳатто баъзи кунлари тезроқ қоронғу тушсаю тезроқ ўша дераза олдига борсам, дея кутадиган бўлдинг. Гоҳо ишхонангда деразадан серқатнов кўчага қараб ўтирган пайтларда бирдан кўз олдингга сарғиш дераза келар, юрагинг орзиқиб кетарди. Сарғиш дераза бамисоли маҳбубанг эди, маҳбуба бўлганда ҳам юлдуздек чарақлаган, зориққан кўзларида, ҳорғин ва ўйчан қарашлари, зариф табассумида интизорлик, илтижо ва алоҳида меҳр жилваланган маҳбуба!

Бир кун ҳаво беҳад совуб, қор ҳиди келаётганига қарамай кечки пайт ёмғир қуйиб берди. Сен деразани қия очиб, шовуллаб ёғаётган ёмғирни пича кузатиб турганингда хаёлинг қочди ва кўз олдингга ўз-ўзидан сарғиш дераза келди.

Кейинги пайтда сени бир нарса  ажаблантира бошлаган эди. “Сарғиш деразанинг нимаси ўзига асир қилиб олди”, дея бошинг қотарди. Бошинг қотарди-ю, аммо ўйлаганинг сари енгил тортардинг, йўқ, тўғрироғи, қалбингда бир хушнудлик туярдинг, руҳингда бир кучланиш сезардинг. Шунинг баробарида , барибир нимасига учганингни ҳам билгинг келарди.

Ўша, қия очиқ деразадан ёмғирни томоша қилиб турганингда дафатан, шу бугуноқ у кимнинг уйи эканини аниқлашга қарор қиласан ва беихтиёр хонага сиғмай, ғира-шира йўлакка чиқиб, ташқарига юрасан. То биринчи қаватга тушиб,  шляпангни кийиб кўчага чиққунингча бу истак-хоҳиш кучаяверади. Сен ёш боладек ҳаяжонлана бошлайсан.  Бу авзойингдан сезилади шекилли, кийимхонадаги аёл ҳам, эшик ёнида хайрлашгани бош силкиб қўйган киши ҳам ажабланаётганини яширмай, ортингдан қараб қолади.

Кўчага чиққач, ёмғирга ҳам қарамай  йўлга тушасан.

Ёмғир шиваларди:  сен афтобусга чиқасан, афтобус чамаси ўн минут юргандан сўнг қоронғу бир бекатда сени қолдириб жўнайди. Сен кўчанинг нариги юзига ўтасан – фикру хаёлингда ҳамон сарғиш дераза.

Дафъатан, сарғиш деразани кўришдан кўра, уйда ким истиқомат қилишини билиш истаги кучаяди.

Сарғиш деразага ўрганиб қолган дастлабки пайтда  ҳам, кейинчалик ҳам бу хаёлингга келмаганди. Аммо деразага илк бор кўзинг тушган куннинг эртасидан бошлаб унга нақадар қизиқиб қолган бўлсанг, ҳозир ҳам орадан икки ҳафта ўтгач, у ерда ким яшаётганини билишга шу қадар қизиқа бошлайсан ва битта-яримтасидан сўраб билишга қарор қиласан.

Истаган одамингни йўлак ёнида учратасан. Аввалига у нима демоқчи бўлаётганингни англай олмайди, кўзларингга тикилади, аммо индамайди. Сўнгра елка қисади ва бу кекса боғбонни уйнинг орқа томонига олиб ўтишдан бошқа иложинг қолмайди.

Афсуски, чолга бир нималарни  узоқ тушунтиргач, бош кўтариб қараганингда, даминг ичингга тушиб кетади.

Кўзларинг ўрганиб қолган сарғиш деразани тополмайсан, у ўз ўрнида бўлгани билан нурафшон эмас – эски ғорнинг ваҳимали оғзидек қорайиб турарди.

Чол елкангга қоқиб қўяди ва уйига таклиф қилади, сен узр сўраб, тинка-мадори қуриган кимсадек оёғингни судраб уйингга жўнайсан.

Декабрнинг бошлари эди. Сен трамвайдан тушиб, кўчани кесиб ўтасан-да, орқага бир оз юрасан, сўнг чап қўлдаги дўкон ёни билан бориб, баланд уйлар томонга буриласан. Ёмғир тезлашиб, икки қадам нарини кўриб бўлмасди, сен шалаббойинг чиқиб, зина ёнига етиб борасан , зинадан тушар-тушмас, бошингни кўтариб қарайсан. Сочларингдан, юзингдан ёмғир сувлари оқарди. Ҳарчанд тикилма, сарғиш деразани тополмайсан. Бу худди бевақт ташлаб кетган ҳамроҳдек кўксингни тирнайди. Сен йиғлагудек бўлиб яна қарайсан –  дераза йўқ, яна ва яна қарайсан – фақат ёмғир ёғаётир, ёғаётир – ёмғирдан бўлак нарса кўринмаётир: сен хуноб бўласан ва йўлингда давом этасан, бошмоқларингдан сув ўтади, қизиб кетган баданингга чиппа ёпишган кўйлагинг ғашингга тегади. Сен энсиз йўлакнинг адоғига боргач, яна – бу сафар жавдираб қарайсан ва ҳафсаланг пир бўлади. Кифтларинг, куракларинг, тиззаларинг ачиша бошлайди. Шу чоқ кимдир чақиргандек бўлади-ю, тўхтаб қарайсан, аммо ҳеч ким кўринмайди. Зум ўтмай тўнига ўраниб, соябон кўтариб олган бир киши пайдо бўлади, сен  уни кузатиб турасан ва ёнингга етиб келганда  бирдан тўхтатиб,  сарғиш деразани кўрсатиб сўрайсан. Ҳа, ҳа, икки кундан бери чироқ ёнмайди. Қандайдир шубҳали, дея у кишини қизиқтирмоқчи бўласан, бироқ соябонли одам бир қарайди, икки қарайди ва лом-лим демай, жўнаб кетади.

Тарвузинг қўлтиғингдан тушиб яна қарайсан, қарайсану юрагинг бирдан увишиб, тўхтаб қолгандек бўлади.

Ёмғир тўзони оралаб сарғиш дераза элас-элас милтирарди.

Бирдан кўнглинг бузилиб, ўша томонга юрасан, дераза тагига яқинлашганинг сари назарингда у тобора равшанлашиб боради. Ана у! Сарғиш шуълаларга бурканган, ҳорғин ва интизор. Томоғингга бир нима тиқилиб ачишади ва юрагинг гурсиллаб ура бошлайди.

Сочларинг ивиб, бўйнингга, қулоқларингга ёпишиб қолган.

Сарғиш деразани инжулар билан безаётган ёмғир тинмайди. Теварак-атрофда товушлар кучаяди, бу товушлар дунёни тутади. Сен энди шукроналар айтасан – кўнглингда муҳаббат уйғонади, зотан, бу муҳаббат баҳор ёмғирларида ивиб эгилган майсаларга  ўхшайди.

Сен деразанинг шундоқ рўпарасига бориб оласан-да, худди Сулла легиони қаршисида якка ўзи қилич яланғочлаб турган Антоний сингари ўзингни ҳам ожиз, ҳам ҳар нарсага қодир сеза бошлайсан.

Бу бир жоду эди. Чунки сен сарғиш деразасиз ғариб ва бенаво эканлигингга ишонган ва йўқотиб қўйишдан қўрқа бошлаганингдан эътиборан, уни авайлашга, унинг ҳолидан хабар олиб туришга ва эртами кечми унга етишишга аҳд қиласан ва бу аҳд сизот сувлар каби юрагингнинг теран қатламларига оқиб киради.

Энди фақат сен унга эмас, балки сарғиш дераза ҳам сенга талпинаётгандек ва у ҳам сенга ўхшаб нажот кутаётгандек туюлади.

Сен ўзингни худди узоқ йўлнинг машаққатли довонларидан ўтиб олгандек ҳис этасан. Гўё сарғиш дераза билан ораларингда бир-бирини англаш ва ўзаро ҳамдардлик бошланган эди.

Оқибат сен қайси йўл билан бўлмасин, мен ёрдам беришга тайёрман деб унга тасалли бериб қўйиш йўлларини ахтара бошлайсан. Аммо қандай қилиб? Бунинг учун ўша уйда ким яшаётганини аниқлаш зарур эди. Шу тариқа аввал қизиқиб, сўнг ҳафсаланг пир бўлгач, унутиб юборган муаммо яна безовта қилади.

Ўша куниёқ эрталаб ишга кетаётган фаррош хотиндан баъзи нарсаларни сўрайсан. Азбаройи бирон фойдаси тегармикан, деган илинжда эзма хотиннинг ҳасратларини тинглайсан, унга далда берасан ва охири сен қолиб у ўзига керакли нарсаларни сўраб бошингни қотиришга тушади. Қўл силтаб, ишга жўнайсан.

Кечқурун ҳам барча уринишлар зое кетади. Ҳеч ким аниқ жавоб бермайди. Ҳамма ажабланади ва бир нималар деб минғирлайди.

Ҳатто баъзилари эса сенга бошдан-оёқ разм солиб, индамайди ва бош чайқаб қўяди.

Ниҳоят кунларнинг бирида сен уйда ўтиролмай юрагинг зиқ бўлиб кўчага чиқасан-да, ўша тўртинчи қаватдаги сарғиш деразали уйни йўқлашга қарор қиласан. Эшик ёнида нафас ростлаб, қўнғироқ тугмасини босасан. Негадир ҳаяжонланасан. Ичкаридан юмшоқ қадам товушлари эшитилгандек бўлади. Аммо икки-уч дақиқа ўтади ҳамки, ҳеч ким жавоб бермайди. Сен яна қўнғироқ чаласан, бироқ ҳеч ким чиқмайди. Шунда қўнғироқ тугмасини узоқ, то уйда ҳеч ким йўқлигига  ишонч ҳосил қилгунча босиб турасан, сўнг пастга тушиб, бинони айланиб ўтасан-да, деразага қарайсан: сарғиш дераза алланечук файзкор чарақларди.

“Ичкарида биров бору эшикни очмаяпти”, – деб ўйлайсан. Аммо ўша заҳоти: “Балки ҳеч ким йўқдир” – деган хаёлга борасан.

“Унда дам ёниб, дам ўчишининг сири нимада?” Сен минг хаёлда уйингга қайтиб борганингда нима қилишни билмасдинг.

Кунлар ўтди.

Тўртинчи қаватдаги сарғиш деразали уйда ким яшашини билиш истаги шунчалик кучайдики, азбаройи аниқламагунча еганинг ичингга тушмас бир аҳволга етдинг.

Аммо сен бир нарсани унитиб қўяётган эдинг: сен учун сарғиш деразанинг мавжудлиги муҳимми, ёки шу уйда ким яшашими? Ҳолбуки, айни чоқда мана шу нарсани ойдинлаштириб олиш зарур эди. Чунки булар аслида  тамоман бошқа-бошқа нарсалар эди. Дастлаб сарғиш дераза сабаб вазифасини ўтаган бўлса, у энди гўё оқибат эди – сабабини излаш орқага қайтиш деганидир.

Кунларнинг бирида мана шундай мушкул кечинмалар билан ишдан қайтаётган пайтингда декабр охирлаб қолган, ҳавода майда қор учқунлаётган эди. Сен кўксингни тўлдириб нафас олганча қор учқунларининг тобора йириклашаётганини ҳамда тезлашаётганини сезиб ажабланардинг.

Баланд иморат остидан ўтиб, ҳувиллаган майдончага етганингда  қор яна ҳам тезлашди. Тўхтаб, атрофга разм соласан. Гўё шу қор туфайли ҳаётингда бир ўзгаришлар рўй берадигандек эди, зеро, бу баланд-баланд иморатлар ҳам энди бесўнақай ва кўримсиз туюлмасди.

Қор ёғарди.

Сен Роғ ёнига келганингда уни танимай қоласан: дарахт оппоқ ҳарир либосга бурканган…

Зинадан тушаётганингда эса шамол кучаяди ва кўп ўтмай чинакам қор бўрони бошланади. Шамол қор учқунларини чангаллаб олганча чир айланиб елар, дам уйларнинг деворига, деразаларига келтириб урар ва дам этакларини ҳилпиратганча осмону фалакка кўтариларди.

Сен зинадан тушгач, кўзларингни кафтинг билан паналаб деразани излайсан. Сон-саноқсиз қор учқунлари оралаб, сарғиш дераза сени чақирмоқда эди. Назарингда у ҳорғин эмас, сокин эди. Сен энсиз йўлканинг адоғига бориб, қўл силкийсан ва бир изтироб вужудингни секин қамраб ола бошлайди-ю, унсиз, елкаларинг силкиниб-силкиниб, худди узоқ айрилиқдан сўнг фарзандини  кўрган она кўйига тушасан…

Advertisements

Comments»

No comments yet — be the first.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: