Бегона Манзилгоҳлардан Наволар

                                               

                                (Радиолавҳа ўрнида)

Кўз илғамас уфқларга томон чўзилган бу ҳайбатли ўрмоннинг жажжи фуқаролари – қушлар уйғониб, ҳар галги жўровоз қўшиқларини бошлаб юборган субҳи содиқ маҳали. Бу ерларнинг – шимол ўлкасининг телба шамолида чайқалиб, шовуллаши атрофни тутаётган дарахтлар ўз шохларига яширинган сайроқилар билан баайни баҳс бойлашаётган каби япроқларидан чапаклар ясайди. Балки бу – қушларнинг куй бобидаги маҳоратларига бир эътироф каби олқишлардир, эҳтимол. Турфа ўлчамдаги чуғурлашлару эътирофлар давом қилар экан, бу орада дафъатан, атрофда бир сокин садолар, бу ўрмон ўрмон бўлибдики, ҳали бу ерларда тингланмаган нотаниш садолар тарала бошлайди. Баайни йўқлик бағридан пайдо бўлиб, оҳанглар кетидан оҳангларни етаклаб, бир маржон каби тизилиб келаётган куй, сағал ўтмай, бутун ўрмонни ўз забтига олади. Айни нотаниш, аслида бу ўлкаларга бегона куйга сомеъ бўлган қушлар аллақачон тинган, аллақандай бир таёқ бағридан таралаётган нолалардан ҳайратга тушган каби дарахтлар ҳам аста-аста, бу гал эса сассиз чайқалади.

Найдан таралаётган мунгли наволар ҳов узоқларда, кунчиқар тарафларда адашиб ётган бир кўҳна ўлканинг ғуссага лиммо-лим тарихидан, қайғуга чўмган бугунидан ҳазин ҳикоялар сўзлайди. Ана, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган ҳадсиз биёбонда гармсел измига тушган гужумлар қумтепаликлар оша аллақаёққа ошиқади. Ана, қумбўронлар ичра қолиб, йўлидан адашган карвон ҳам уззу-кун саросар. Неча асрларки, турфа хил истибдодлар исканжасида қолган бутун бир эл шу тариқа омонлик манзилини тополмай сарсон. Куй пардалари юқори поғоналар сари кўтарилиб бораркан, қайғу оҳанглари бирлашиб, ягона бир туйғуни, айни шу куйни ярата олган халқнинг асрлар оша ўзига йўлдош қадимий туйғусини чор тарафга достон қилишда давом этади.

Бундаги дарахтлару уларнинг шохларига қўнган қушлар ўз тасаввурларига эрк беришга қодир бўлсалар эди, бу оҳанглардан барпо бўлаётган ўлканинг боғу роғларини, қир-адирлари-ю у ерларда ўтлаб юрган сурув-сурув қўйларини, зилол чашмаси ва шарқираб оқаётган сойларини қувваи ҳофизаси билан яққол кўра олгич эди, эҳтимол. Агар шундай бўлса эди, ҳатто улар-да ҳижрон, фироқ, айрилиқ, қўмсаш ва соғинч каби сўзлар билан аталган ягона бир туйғу домига тушиб, телбалар бўлар эдими, балки. Бегона ўрмон бағридан шу янглиғ бегона бир ўлканинг бегона ҳасратлари тараларкан, унга сомеъ дарахтлар ва бу ернинг жонзотлари куй адоғига қадар юрак ютиб, бир сас чиқаришга ожиз эдилар. Мана, ниҳоят, куй соб бўлди, оҳанглар битди. Ҳозиргина янграган ҳасратлардан-да оғир сукунат чўкди атрофга. Бир маҳал ўрмон бағридаги ялангликда алланарса ҳаракатга келиб, дарахтлар оралаб юра бошлади. Ўрмондан чиқиб келаётган – бир қўлида ҳасса, бошқасида эса най тутган мўйсафид эди.

“Мана шунақа… аламлар бўғзимдан ғиппа олган пайтларда, у ёқда қолган набираларим кўз ўнгимдан кетмай, ўзимни қўярга жой топа олмай қолган вақтларимда мана шу найни қўлимга оламан-да, ҳеч нарсага қарамасдан ўзимни ўрмонга ураман. Бирор ҳолироқ жойни топиб, ҳали болапақир эканимда бобом ўргатиб кетган куйларни машқ қиламан.”

Оппоқ соқоли ўзига ярашган, ёши етмишми-саксонни қоралаб қўйган бу мўйсафид жонажон Андижонидан  эҳ-ҳе неча минг чақирим наридаги бу юртларга, ҳатто номини ҳам эшитмаган бу ўлкага келиб қолишини етти ухлаб, тушида ҳам кўрмаган эди. Аммо Яратганнинг режалари бандасига қоронғу экан — қанчадан-қанча йигитлар, норасида гўдаклар жувонмарг кетган ўша машъум кундан буён бошқалар қатори унинг ҳам хонадони пароканда бўлди.

“Бири биридан забардаст беш фарзандни ўстирдим. Ҳаммаси иймонли-инсофли йигитлар бўлишди. Ўша урушда бириси шаҳид кетди, кейин эса яна бошқаси. Улардан қолган бир этак болалар чирқираб юришибди. Бобоси бўлиб, уларни бағримга босолмай юрсам, суннат тўйларига бош бўлолмасам, куйишдан бўлак нимам ҳам қолди, ахир?!” 

Бошдан оёқ оппоқ либос кийган мўйсафид ҳожидўпписини тўғрилаб қўяди-да, ҳов нарида мавжланиб ётган денгиз томон йўл солади. Баайни жазирама офтоб тиғида саҳролар оша адоқсиз узоқ йўл юриб, ҳориган нортуялар янглиғ чўк тушган ҳарсанг тошлар издиҳоми бутун соҳилни забт этган. Мўйсафид улардан бирига ўтириб, ҳув олисларга, кунчиқар тарафга тикилади. Худди кўчманчи қушлар ўзлари бир замонлар ошён қурган иссиқ юртларни бир савқи табиий билан бехато излаб топганлари каби, ўзи диққат билан назар ташлаётган ўша олисликларда уни тинимсиз чорлаётган қадрдон гўшаси муқим эканига амин.

“Раҳматли бобом Боғишамол адирларида ястаниб ётган ўрикзор боғимизга ҳар гал мени бирга олиб чиқаркан, забардаст дарахт соясида бир мунгли куйни бошлар, бунга сайин куйга монанд чайқалиб, киприклари намланиб бораётганини кўрардим. Мана энди ўзим бобомнинг ёшига етдим, яратган эгам қанча ризқ улашгани ўзигагина аён. Бу мусофир юртларда юриб, бобомдан қолган ўша боғларни ёмон соғиндим. Киндик қоним тўкилган тупроқларни тавоф қилиб, омонатини Яратганнинг ўзига топширсам, армоним йўқ эди… ”

Шундай,  бошдан-оёқ оппоқ либос кийган, бундан-да оппоқ соқоли ўзига ярашган мўйсафид қадрдон Андижонидан олисларда, шу қадар олислардаки, болалигининг эртак ва афсоналарида ҳатто номини ҳам эшитмаган бу шимол ўлкасида ғурбатлик кунларини кечирар экан, ҳар гал изтироблар дилини ўртаган маҳал ўрмон сари йўл солади. Бир қўлида ҳасса, бошқасида эса бобосидан қолган най. Ҳаял ўтмай, “Чўли Ироқ”нинг ҳасратли нолалари яна қайта чор-атрофни ўз забтига олади. Найдан таралаётган мунгли наволар ҳов узоқларда, кунчиқар тарафларда адашиб ётган бир кўҳна ўлканинг ғуссага лиммо-лим тарихидан, қайғуга чўмган бугунидан ҳазин ҳикоялар сўзлайди. Куйга сомеъ  қушлар эса киприкларни намлаб, мўйсафид ёноқлари бўйлаб оқиб тушаётган кўзёшларга ҳайрат билан тикилишган… Cho’li Iroq

Leave a comment