Делия Элена Сан-Марко June 13, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.trackback
Хорхе Луис Борхес
Биз Онсе майдонидаги чорраҳада видолашдик.
Изингдан қараб қоларканман, сен ортингга қайрилиб, менга қўл силтадинг.
Иккимиз аро одамлар ва машиналар дарёси шошарди; оддий оқшомларнинг бири эди, бас, шундай экан, бу дарё ишғол этиб бўлмас ғамбода Ахерон эканини қайдан билибман.
Биз қайтиб кўришмадик, бир йилдан сўнг сен қазо қилдинг.
Орадан йиллар ўтиб, мен ўша ҳолатни хаёлимда қайта тикларканман, у бизни алдагани ва одатий хайрлашув ортида адоқсиз айрилиқ яширинганига аминман.
Бугун кечки овқатдан сўнг сайрга отланмадим; иккимизга тааллуқли видолашув атрофидаги жумбоқлар устида бош қотирар эканман, Афлотунга тегишли сўнгги ўгитга эътибор қилдим. Афлотунга кўра, вужудни яксон этувчи ажални қалб ҳамиша доғда қолдиришга қодир.
Ва мен энди билмайман, қай бири ҳақиқат – Устоднинг куракка пичоқ янглиғ қадалган айни изоҳими ёҳуд ўша ондаги оддийгина видолашув?
Ахир қалблар барҳаёт экан, уларнинг видоларига шижоат бегона.
Видолашув – айрилиқни инкор этмак демак, бу яна шуки – бугун биз хайрлашаётгандекмиз, аммо эрта албат қайта дийдор келиб етажак. Яъни, видолашувимиз албатта эртага яна учрашишни назарда тутади. Одамлар ўзларини тасодифий сабаблар оқибати ва ўткинчи бир матоҳ билсалар-да, аммо, ҳарқалай, барҳаёт эканларига ишончлари боис видоларни ўйлаб чиқарганлар.
Делия, қачонлардир – қай бир дарё ёқасида? – ушбу ялқов мунозара сўзларини мантиқ ипидан ўтказганча бир-бировимизга сўз қотишимиз муқаррар – дашту биёбонлар бирида яширин шаҳарларнинг бирида биз чиндан Борхес ва Делия эдикми?

Comments»
No comments yet — be the first.