Астерий Гўшаси April 23, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.trackback
Мария Москера Истменга
Биламан, мени такаббурликда ва балки одамлардан нафратланишда ва ё телбаликда айблайдилар. Бу айбловлар (улар билан фурсат етгач ҳисоблашаман) жирканчдир. Чиндан ҳам мен уйдан чиқмайман, аммо бу уйнинг эшиклари (уларнинг миқдори эса адоқсиз) одамлар ва жонзотлар учун уззу-кун очиқлиги ҳам ҳақиқат. Ким истаса, остона хатлайверсин. Бу ерда на бир эркаловчи дабдаба ва на саройларнинг серҳашам савлатидан нишона бор, аммо бунда сукунат ва танҳолик муқаррар. Ҳамда гўша бор ер юзида тенги йўқ. (Мисрда бунга эш уй бор, дегувчилар қаллобдир.) Бу уйда бир жиҳоз йўқлигини ҳатто менинг мунаққидларим ҳам эътироф қилишлари лозим. Яна бир бемаънилик – гўёки мен, Астерий, маҳбус эмишман. Бу ерда бирор танбаланган эшик ёки қулф йўқлигини такрорлаш шартми?
Бундан ташқари, қош қорая бошлаган бир маҳал мен кўчага чиқдим: ҳолбуки, тун чўккунга қадар қайтиб келган эканман, бунинг боиси шу – авом халқнинг чеҳраларидан, авом халқнинг кафт сингари бетус ва зерикарли чеҳраларидан қўрқиб кетгандим. Қуёш ботиб улгурган, аммо чақалоқнинг бетиним йиғиси-ю оломоннинг илтижоли фарёди мени таниб қолганларидан далолат эди. Одамлар калима келтиришар, нари қочишар ва тиз чўкардилар. Уларнинг бирлари Иккиёқлама шамшир ибодатхонаси пойига томон судралишар, бошқаларининг эса қўлларида тош кўринар эди. Кимдир биров ўзини денгизга отди. Онамнинг малика ўтгани бежиз эмас, соддалигим туфайли буни истаганимда ҳам мен бу ялангоёқлар билан қўшилиб кета олмайман.
Ҳамма гап менинг бетакрор эканлигимда. Одамларнинг ўзаро муомала қила олишлари мени асло қизиқтирмайди; мен, албатта, файласуфман, шундан келиб чиқароқ аминманки, ёзув орқали ҳеч вақони англатиб бўлмайди. Бу пасткаш икир-чикирлар буюк юмуш учун мўлжалланган менинг қалбимда жирканиш ҳиссини туғдиради. Мен ҳеч вақт бир ҳарфни бошқасидан фарқлай олмасдим – менга жо қилинган аллақандай олижаноб бетоқатлик савод чиқаришимга ҳалал беради. Гоҳи замон бундан афсус чекаман – ахир кунлар ва тунлар шу қадар узун.
Албатта, овунчоқларим ўзимга етарли. Ҳолдан тойиб қулагунимча олишувга шай қўчқор каби тош йўлаклар бўйлаб чопганим-чопган. Мен таъқиб остига олинган каби ҳовуз ёнидаги ҳилватга ва ё йўлак муюлишига беркинаман. Айрим томлардан қулаб ҳам кўрдим. Баъзан кўзларимни юмиб, чуқур нафас олган кўйи ўзимни ухлаётган қилиб кўрсатаман (шундай пайтлар гоҳо чиндан ухлаб қоламан, уйғонгач эса кундузнинг туси ўзгарган бўлади). Аммо барчасидан бошқа Астерий ўйинини хуш кўраман. У гўё меҳмонга келган бўлади ва мен уни уй билан таништираман. Унга сертавозеъ сўз қотаман: “Кел, анави бурчакка қайтиб борайлик.” ёки “Энди нариги ҳовлига ўтамиз” ёки: “Бу дарпарда сенга ёқишини билардим” ёки “Мана бу эса қум тўла идиш” ёки “Ҳозир ер ости йўли иккига ажралишини кўрасан.” Гоҳи замон адашиб ҳам кетаман ва иккимиз шодон кулиб юборамиз.
Мен фақатгина ўйинлар ўйлаб топмайман, балки уй ҳақида ҳам хаёл сураман. Уйнинг барча бўлаклари кўп маротаба такрорланади, уларни бир-бировидан фарқлаш амри маҳол. Битта дона ҳовуз, ҳовли, сувлоқ, охур эмас, балки ўн тўртта дона (чексизлик аломати) охур, сувлоқ, ҳовли, ҳовуз мавжуд. Бу уй оламга эш, яна ҳам тўғрироғи, бу уйнинг ўзи - оламдир. Аммо гоҳи замон ҳовузли ҳовлилару бир хил тусдаги тошлар ётқизилган чанг-тўзонли йўлаклар кўнглимга уради. Ва шунда мен ташқарига йўл оламан, Иккиёқлама шамшир ибодатхонаси ва денгизга тикиламан. Ўн тўртта (чексизлик аломати) денгиз ва ўн тўртта (чексизлик аломати) ибодатхона мавжудлиги бир кун оқшом менга аён бўлгунига қадар бундай ҳолатимни тушуна олмагандим. Ҳамма нарса кўп маротаба, ўн тўрт маротаба такрорланади, аммо оламда икки нарса бетакрор: юқорида – тушуниксиз қуёш; пастда эса мен – Астерий. Эҳтимол, юлдузларни, қуёш ва мана шу баҳайбат гўшани ҳам мен бунёд этганман, аммо бунга у қадар ишончим комил эмас.
Ёвузликдан халос этишимни тилаб, ҳар тўққиз йилда бир бора бу уйга нафари тўққиз одам ташриф буюради. Тош йўлаклар адоғида уларнинг қадам товушлари ва ё овозларини илғагач, қаршиларига шодон ошиқаман. Бутун маросим бир қанча дақиқа давом қилади – улар бирин-кетин беҳуш йиқиладилар, мен эсам ҳатто қон юқтиришга ҳам улгурмайман. Улар йиқилган жойларида қолаверадилар, жасадлари эса бир йўлакни бошқасидан фарқлашимга кўмак беради. Уларнинг ким эканликлари менга қоронғу, аммо биттаси жон таслим қилаётган маҳал қачондир менинг ҳам халоскорим келиб етишини башорат қилди. Ўшандан буён ёлғизлик кўнглимга оғир ботмайди, ўшандан буён менинг ҳам халоскорим борлигини ва у охир-оқибат остонадан ҳатлаб ўтишини биламан. Оламдаги барча-жаъми товушларни илғай олсам эди, унинг қадам олишини таний билардим. У мени йўлак ва эшиклари камроқ бўлган қаергадир етаклаб борса эди… Халоскоримнинг афт-ангори қай тусда бўлади дея ўзимни саволга тутаман. У буқа бўладими ва ё одам? Эҳтимол, у буқа бўлар одам бошини кўтариб юрган? Балки у ўзимдир менга ўхшаган?
* * *
Эрталабки қуёш нурлари жилва қилаётган биринж шамшир юзасидаги қон аллақачон қотиб улгурганди.
- Ишонасанми, Ариадна,- деди Тесей,- минотавр деярли қаршилик кўрсатмади.

Comments»
No comments yet — be the first.