Астерий Гўшаси April 23, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Мария Москера Истменга
Биламан, мени такаббурликда ва балки одамлардан нафратланишда ва ё телбаликда айблайдилар. Бу айбловлар (улар билан фурсат етгач ҳисоблашаман) жирканчдир. Чиндан ҳам мен уйдан чиқмайман, аммо бу уйнинг эшиклари (уларнинг миқдори эса адоқсиз) одамлар ва жонзотлар учун уззу-кун очиқлиги ҳам ҳақиқат. Ким истаса, остона хатлайверсин. Бу ерда на бир эркаловчи дабдаба ва на саройларнинг серҳашам савлатидан нишона бор, аммо бунда сукунат ва танҳолик муқаррар. Ҳамда гўша бор ер юзида тенги йўқ. (Мисрда бунга эш уй бор, дегувчилар қаллобдир.) Бу уйда бир жиҳоз йўқлигини ҳатто менинг мунаққидларим ҳам эътироф қилишлари лозим. Яна бир бемаънилик – гўёки мен, Астерий, маҳбус эмишман. Бу ерда бирор танбаланган эшик ёки қулф йўқлигини такрорлаш шартми?
Бундан ташқари, қош қорая бошлаган бир маҳал мен кўчага чиқдим: ҳолбуки, тун чўккунга қадар қайтиб келган эканман, бунинг боиси шу – авом халқнинг чеҳраларидан, авом халқнинг кафт сингари бетус ва зерикарли чеҳраларидан қўрқиб кетгандим. Қуёш ботиб улгурган, аммо чақалоқнинг бетиним йиғиси-ю оломоннинг илтижоли фарёди мени таниб қолганларидан далолат эди. Одамлар калима келтиришар, нари қочишар ва тиз чўкардилар. Уларнинг бирлари Иккиёқлама шамшир ибодатхонаси пойига томон судралишар, бошқаларининг эса қўлларида тош кўринар эди. Кимдир биров ўзини денгизга отди. Онамнинг малика ўтгани бежиз эмас, соддалигим туфайли буни истаганимда ҳам мен бу ялангоёқлар билан қўшилиб кета олмайман. (more…)
