Астерий Гўшаси April 23, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Мария Москера Истменга
Биламан, мени такаббурликда ва балки одамлардан нафратланишда ва ё телбаликда айблайдилар. Бу айбловлар (улар билан фурсат етгач ҳисоблашаман) жирканчдир. Чиндан ҳам мен уйдан чиқмайман, аммо бу уйнинг эшиклари (уларнинг миқдори эса адоқсиз) одамлар ва жонзотлар учун уззу-кун очиқлиги ҳам ҳақиқат. Ким истаса, остона хатлайверсин. Бу ерда на бир эркаловчи дабдаба ва на саройларнинг серҳашам савлатидан нишона бор, аммо бунда сукунат ва танҳолик муқаррар. Ҳамда гўша бор ер юзида тенги йўқ. (Мисрда бунга эш уй бор, дегувчилар қаллобдир.) Бу уйда бир жиҳоз йўқлигини ҳатто менинг мунаққидларим ҳам эътироф қилишлари лозим. Яна бир бемаънилик – гўёки мен, Астерий, маҳбус эмишман. Бу ерда бирор танбаланган эшик ёки қулф йўқлигини такрорлаш шартми?
Бундан ташқари, қош қорая бошлаган бир маҳал мен кўчага чиқдим: ҳолбуки, тун чўккунга қадар қайтиб келган эканман, бунинг боиси шу – авом халқнинг чеҳраларидан, авом халқнинг кафт сингари бетус ва зерикарли чеҳраларидан қўрқиб кетгандим. Қуёш ботиб улгурган, аммо чақалоқнинг бетиним йиғиси-ю оломоннинг илтижоли фарёди мени таниб қолганларидан далолат эди. Одамлар калима келтиришар, нари қочишар ва тиз чўкардилар. Уларнинг бирлари Иккиёқлама шамшир ибодатхонаси пойига томон судралишар, бошқаларининг эса қўлларида тош кўринар эди. Кимдир биров ўзини денгизга отди. Онамнинг малика ўтгани бежиз эмас, соддалигим туфайли буни истаганимда ҳам мен бу ялангоёқлар билан қўшилиб кета олмайман. (more…)
Педро Сальвадорес April 20, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Хорхе Луис Борхес
Мен тарихимизнинг энг ғалати ва энг қайғули манзараларидан бирини (чамаси биринчилар қатори) ҳикоя қилиб бермоқчиман. Буни имкон қадар ҳикояга аралашмасдан, чиройли тўлдиришлар ва хатарли тахминларсиз амалга ошириш маъқул, деб ўйлайман.
Иштирок этувчилар уч киши: эркак, аёл ва ҳар жойда ҳозиру нозир мустабид кўланкаси. Эркак кишининг исми Педро Сальвадорес эди; менинг бобом Асеведо уни Касерос ёнидаги жангдан сўнг бир неча кун ва ёки ҳафта ўтгач кўрган. Ҳақиқат шуки, Педро Сальвадорес ҳамма қатори бир одам бўлган, фақат тақдир ва йилларгина унга бетакрорлик ҳадя этди.
У ўша замоннинг ўртаҳол заминдорларидан эди: сақланиб қолган маълумотларга кўра, унинг чорбоғи бўлиб, ўзи унитарийларга ҳайрихоҳ эди. Хотини Планеслар хонадонидан бўлиб, улар Суипачанинг Темпле кўчаси билан кесишган жойида истиқомат килишар, ҳикоя қилинаётган воқеалар содир бўлган уй оддийгина эди: оддий дарвоза, йўлак, панжарали эшик ва мўъжаз ички ҳовлилар. (more…)
Мурдалар Машварати April 17, 2011
Posted by Nodir Shams in Борхесона.add a comment
Бу одам 1877 йил қиш тонгларидан бирида Жанубий Англиядан ташриф буюрди. Қизил юзли, бақувват гавдаси келишган бу одамни кўплар чиндан ҳам Жон Булнинг ватандоши деб ўйлади. Унинг бошини баланд тоқли шляпа безаган, эгнига эса ғалати ёпинчиқ ташланган эди. Уни бир тўда эркак, аёл ва ёш болалар сабрсизлик билан кутишаётган, кутувдагилар баъзиларининг бўйнида қонталаш чандиқ кўринар, бошқа бирлари эса бошсиз бўлиб, улар чайқалган кўйи эҳтиёткорлик билан қадам ташлар эди.
Тўдадагилар бегонани ўраб олишди, кимдир бўралаб сўкди, аммо қўрқув исканжасидаги оломон бундан ортиғига журъат қилмади.
Шу дам юзлари кўкимтир, кўзлари эса чаноқлар қаърида базўр йилтираётган бир одам ҳарбийларга хос қадам билан олдинга чиқди; пахмоқ сочлари-ю анчадан буён парвариш кўрмаган соқоли юзларини еб битиргандек эди. Саноқсиз шамшир излари денгизга қуйилаётган ирмоқлар каби вужудини шудгорлаган бу одам қаршисида бегона кимса бир муддат тараддудда қолди, аммо бу ҳолатини сездирмаслик учунми, дарҳол қўл узатди. (more…)


